Энг кичик пенсия ёши Ўзбекистонда
Пенсия тизимларини такомиллаштириш тўғрисидаги халқаро даражадаги муҳокамалар Жаҳон банки томонидан 1994 йилда нашр этилган, аҳолининг қариб бориши билан боғлиқ пенсия инқирозига бағишланган ҳисоботидан бошланган.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни
Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга.
(Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 39-моддасидан).
Ҳозирги пайтда пенсия таъминотини такомиллаштириш дунёдаги энг глобал муаммолардан бири ҳисобланади. Пенсия тизимларини такомиллаштириш тўғрисидаги халқаро даражадаги муҳокамалар Жаҳон банки томонидан 1994 йилда нашр этилган, аҳолининг қариб бориши билан боғлиқ пенсия инқирозига бағишланган ҳисоботидан бошланган. Унда пенсионерларнинг кутилаётган умр кўриш давомийлигининг узайиши билан боғлиқ ҳолда аксарият мамлакатларда маблағларни қатъий тақсимлашнинг “авлодлар бирдамлиги” тамойилларига асосланган пенсия тизимларида тақчиллик юзага келиши натижасида кўплаб мамлакатларда ушбу муаммони ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилганди.
Жаҳон мамлакатларида демографик вазиятнинг кескинлашуви, жумладан, аҳоли ёш таркибининг жиддий ўзгариши, яъни аҳоли ёш таркибида кекса ёшдаги фуқаролар улушининг ортиб бориши, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлигининг ошиб бориши кабилар пенсия таъминоти тизими харажатларининг кўпайишига олиб келмоқда. Жаҳон банкининг ҳисобот маълумотларига кўра, дунё бўйича 2017 йилда 60 ёш ва ундан юқори ёшдагилар 962 миллион кишини ташкил этиб, 1980 йилга нисбатан 383 миллион кишига ёки 152 фоизга ортган. Мазкур кўрсаткич 2030 йилга бориб, 1,4 миллиардга, 2050 йилга келиб эса 2017 йилга нисбатан 2 баравар кўпайиши, яъни 2,1 миллиардга кишини ташкил этиши прогноз қилинган. Бугунги кунда умр кўриш давомийлиги дунё бўйича ўртача 71,9 ёшни ташкил этади. Бу эса 1990-1995 йилларга нисбатан 7,3 йилга ўсган. 2030 йилларга келиб умр кўриш давомийлиги ўртача 73,8 ёшни, 2050 йилларга келиб эса ушбу кўрсаткич 77 ёшни ташкил этиши прогнозлаштирилган. Ўртача умр кўриш давомийлиги 75 ёшдан юқори бўлган барча мамлакатларда пенсия ёши ўртача 65 ёши ташкил этмоқда. Дунёда соғлиқни сақлаш сифати яхшилангани, тиббиётнинг жадал тараққий этаётгани, санитар назоратнинг такомиллашаётгани, таълимдан фойдаланишнинг кенгаяётгани, иқтисодий фаровонлик боис кексалар улуши борган сари кўпаймоқда. Узоқ умр кўриш – инсоният тараққиётининг энг катта муваффақиятларидан биридир.

Шунинг учун фуқароларга умрининг охирига қадар пенсия тўлаш, муносиб яшаш шароитларини яратиб беришни давом эттириш давлат зиммасидаги энг муҳим ва долзарб масала ҳисобланади. Бунга яна бир сабаб шуки, Европа давлатларида 2010 йилда пенсия жамғармаларидаги дефицит 300 миллиард еврони ташкил қилди. Голландия банки пенсия миқдорини ўртача 3 фоизга камайтирди. Бошқалар ҳам ундан ўрнак олмоқда. Хуллас, қари ҳам, ёш ҳам кўпроқ ишлашига, ўз истиқболи учун кўпроқ сармоя киритишига тўғри келмоқда.
Давлатда яшаш сифатини аниқ кўрсатиб берадиган демографик индикаторлардан бири, туғилишда кутилаётган ўртача умр кўриш даври ҳисобланади. Бу кўрсаткич инсон ривожланиши индексини ҳисоб-китоб қилишнинг тўртта компоненталаридан биридир ва турли хил давлатлар, ҳудудлар жамият ривожининг даражасини кўрсатувчи асосий халқаро кўрсаткич ҳисобланади.
Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида аҳолининг умр кўриш давомийлиги бўйича етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда “Lancet” нашри томонидан эълон қилинадиган Global Burden of Disease тадқиқотида айтилган.
Тадқиқот маълумотларига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда ўртача умр давомийлиги бўйича етакчилик қиляпти. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда 73,8 йилга тенг.

Тожикистонда ўртача умр давомийлиги 73,7 йилни ташкил қиляпти. Қозоғистонда бу кўрсаткич 72,4 йилга, Қирғизистонда 70,9 йилга, Туркманистонда 70,4 йилга тенг.
Дунёда ўртача умр давомийлиги энг узун мамлакат деб Гонконг (84,3 йил) топилди. Ундан кейин Япония (83,8 йил) ва Италия (83,5 йил) жой олган.
Ўзбекистонда умумий белгиланган пенсияга чиқиш ёши 1956 йилда собиқ Иттифоқ мамлакатлари фуқароларининг пенсия таъминоти қонунчилиги билан белгиланган миқдорда (аёлларга 55 ёш, эркакларга 60 ёш) сақланиб турибди. Ўша даврнинг статистикасига назар соладиган бўлсак, ўртача умр кўриш давомийлиги 47 ёшни ташкил этганлигини таъкидлаш ўринлидир. Ўртача умр кўриш давомийлиги кўрсаткичи сўнгги йилларда ўсиш тенденциясига эга бўлиб, жумладан, 1991 йилда ушбу кўрсаткич 66,4 ёшни ташкил этган бўлса, 2000 йилда 70,8 ёшни, 2010 йилда 73,0 ёшни, 2017 йилда 73,8 ёшни (аёлларда – 76,2 ёш, эркакларда – 71,4 ёш) ташкил этган.
Халқаро меҳнат ташкилотининг “Ижтимоий таъминотнинг минимал меъёрлари тўғрисида”ги 102-сонли конвенциясининг 26-моддасига мувофиқ, “белгиланган пенсияга чиқиш ёши 65 ёшдан ошмаслиги лозим ёки ваколатли органлар томонидан мамлакатдаги кексаларнинг пенсияга чиқиш ёшини белгилашда уларнинг меҳнатга лаёқати ҳисобга олиниши зарур”. Демак, Халқаро меҳнат ташкилотининг талабларига кўра, дунё бўйича пенсияга чиқиш ёши 65 ёшдан ошмаслиги мақсадга мувофиқ. Аммо бунда кексаларнинг меҳнатга лаёқатлилигидан келиб чиқиб, бу ёш оширилиши ҳам мумкин. Бугунги кунда дунё бўйича ўртача пенсия ёши эркаклар ва аёллар учун 63 ёшни ташкил қилади.
Ривожланган давлатларда пенсия ёши – Японияда 70 ёш, Франция ва Грецияда 67 ёш, Буюк Британия, Германия, Испания ва Швецияда эркаклар ва аёллар учун 65 ёш, Бразилияда эркаклар учун 65, аёллар учун 60 ёш. Марказий Осиё, жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда эркаклар 63, аёллар 58 ёшдан ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлади. Қозоғистонда аёлларнинг пенсия ёши ҳар йили 6 ойдан босқичма-босқич оширилиб, 63 ёш қилиб белгиланган. Туркманистонда эса пенсия ёши эркаклар учун 62 ёш, аёллар учун 57 ёш қилиб белгиланган бўлиб, ушбу давлатларда пенсия таъминоти тизимларида мамлакатнинг демографик, иқтисодий ва ижтимоий ҳолати ва шароитидан келиб чиқиб, бир неча маротаба ислоҳотлар ўтказилган.

– Халқаро меҳнат ташкилотининг тадқиқотига асосан 2010-2016 йилларда 169 та мамлакатда пенсия таъминоти ислоҳотлари ўтказилган, – дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати бўлим бошлиғи Фаррух Пардаев. – 72 ҳолатда пенсия ёши оширилган, 31 ҳолатда пенсияларни тайинлашда квалификацион талаблар ва пенсияга чиқиш даври оширилган, муддатидан олдин пенсияга чиқиш чекланган ва уларга нисбатан жарималар қўлланилган, кеч пенсияга чиқиш бўйича рағбатлантирувчи механизмлар қўлланилган. Шу билан бирга 25 ҳолатда пенсия формуласи модификациялаштирилган ва субсидиялашган тўловлар қисқартирилган, 12 ҳолатда эса пенсиялар индексацияланиши шартлари ўзгартирилган ёки индексация “музлатилган”, 17 ҳолатда ижтимоий тўловлар миқдори оширилган. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотларига кирувчи давлатларнинг кўпчилигида эркак ва аёлларнинг пенсия ёшлари 65 ва ундан юқори қилиб белгиланган бўлса, Европа ва Марказий Осиё давлатларида ҳанузгача эркаклар пенсияга 65 ёшдан вақтлироқ, аёллар эса ундан ҳам вақтли чиқадилар. Ўртача пенсия ёши белгиланган пенсия ёшидан кам бўлиб, бу аввало имтиёзли пенсияга чиқиш бўйича ҳуқуқлар мавжудлигидандир.
Эслатиб ўтамиз: айни вақтда Ўзбекистонда пенсия ёши аёллар учун 55 ёш, эркаклар учун 60 ёшни ташкил этади. Бу МДҲ давлатлари орасида энг паст кўрсаткичли пенсия ёши ҳисобланади.