Бухоролик 14 нафар ўқитувчининг илғор иш тажрибаси республикада, 115 нафарининг иш тажрибаси вилоят миқёсида оммалаштирилди.
Таълим сифати ва самарадорлигини оширишда ўқитувчининг салоҳияти бирламчи аҳамият касб этади. Бугун тизимга билимли, маҳоратли, замон билан ҳамнафас, илғор тажрибалар ва юксак ғояларга эга бўлган педагоглар керак.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2024 йил 7 февралдаги “Ўқитувчиларни илғор иш тажрибаси ва фаолияти давомида қўллаб келаётган замонавий методикаларни оммалаштириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” ги тегишли буйруғига асосан ўқитувчиларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштиришнинг янги тартиби жорий этилган эди.
Унга асосан ўқитувчиларнинг илғор тажрибаси ва фаолияти давомида қўллаб келаётган замонавий методикаларини оммалаштиришга мўлжалланган ommalashtirish.uz платформаси ишлаб чиқилди. Мазкур платформа орқали мактаб метод бирлашмаси тавсияси асосида Педагогик кенгаш муҳокамасидан ўтган ва оммалаштиришга лойиқ деб топилган методик ишлар мактаб миқёсида оммалаштирилади. Оmmalashtirish.uz платформасига жойлаштирилиб кейинги босқичларга юборилади.
–Жорий йилда ommalashtirish.uz платформасига Бухоро вилояти умумтаълим мактаблари ўқитувчилари томонидан 1200 та методик ишлар жойлаштирилди, – дейди Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази Методик хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Мақсуд Бобоев. –Уларнинг 615 таси мактаб миқёсида оммалаштиришга тавсия этилган бўлса, 370 таси шаҳар ва туман миқёсида оммалаштирилди. Дастлабки босқичлардан муваффақиятли ўтган илғор иш тажрибаларнинг 115 таси вилоят миқёсида, 14 таси эса республика миқёсида оммалаштирилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири