Энг фаол китобхонлар тақдирланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида “Энг фаол китобхон” танлови ўтказилди.
Жорий йилнинг 10–15 февраль кунлари ҳудудий босқичлар ташкил этилиб, уларда 37 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз иштирок этди. Термиз шаҳрида жойлашган Адиб Собир Термизий номидаги Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона марказида танлов ғолиби бўлган 150 нафар фаол китобхонни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, ғолиблар билан самимий мулоқот қилди. Ёшлар китобхонликни янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббусларини билдирди. Вилоят раҳбари уларнинг фикр-мулоҳазаларини қўллаб-қувватлаб, китобхонлик маданиятини юксалтириш йўлидаги интилишларини алоҳида эътироф этди.
[gallery-27734]
Танлов ғолибларига фахрий ёрлиқлар ҳамда китоблар тўплами учун ваучерлар тантанали равишда топширилди. Шунингдек, ҳудудий босқичда сараланган 150 нафар ёш китобхон таҳсил олаётган мактабларга 100 мингдан ортиқ нусхадаги китоблар жамланмасини етказиб бериш мақсадида “Китоблар карвони” ҳудудларга йўлга чиқарилди.
Мазкур тадбир китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшларни мутолаага жалб этиш ҳамда жамиятда маънавий-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА