Энг долзарб масалалар қамраб олинган нутқ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқи яна бир бор бутун дунё ҳамжамиятининг эътиборини ва диққатини ўзига қаратди. Президентимиз сессияда сўзлаган нутқида долзарб муаммолар, уларни ечиш йўл-йўриқларига тўхталди. Ишонч инқирози туфайли дунёдаги мавжуд вазиятдан хавотирда эканини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари ҳамжиҳатлик руҳини сақлаб қолиш ва мамлакатларни умумий манфаатлар асосида бирлаштиришга умид билдирган ҳолда, иқлим ўзгариши, қашшоқликка барҳам бериш ва очлик каби бутун инсониятга дахлдор глобал масалаларда бирдамлик ва ҳамкорликка чақирди. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя, хавфсизлик, экология, таълим соҳаларига доир қатор ташаббусларни илгари сурди.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг фундаментал ўзгаришлар юз бераётган шароитдаги таклиф ҳамда мулоҳазалари минтақавий муаммоларни ҳал этиш учун муҳимдир.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосини ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун давлат томонидан муносиб шароит яратилиши, тўлақонли ғамхўрлик қилиниши сингари эзгу мақсадлар ташкил этади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва эркинликларини биринчи ўринга қўйиб, дунё ҳамжамиятига намуна бўлиб келаётгани боис, давлатимиз раҳбари мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилгани ҳамда мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилганини баралла айтди. Мажбурий болалар меҳнатига қарши курашишни бутун дунё миқёсида кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
Саммитда мамлакатимизда йиллар давомида тўпланиб қолган айрим муаммолар рўй-рост айтиб ўтилди. Шундай ўткир муаммолардан бири мажбурий меҳнат масаласидир. Маълумки, бир аср мобайнида Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этилар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига “бойкот”лар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилган эди. Лекин қатъий сиёсий ирода туфайли сўнгги йилларда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ тузишни таклиф этди. Бундан ташқари “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Чунки аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи долзарб аҳамиятга эга.
Дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлод, чунки улар 2 миллиард кишидан кўп. Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Асосий вазифа – ёшлар ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароит яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим.
Президентимиз мамлакатимизда гендер тенглиги масаласида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Бу борада дунё ҳамжамиятини аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилишга чорлади. Бу, ўз навбатида, юртимизда аёлга эҳтиром юксак даражада бўлаётганидан далолат беради.
Дунё ҳамжамиятига диний бағрикенглик масаласида ҳам мурожаат қилиб, айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган тоқатсизлик исломофобия ҳолатларига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан сўзланган ушбу нутқда энг долзарб масалалар қамраб олинганки, бу ҳар бир юртдошимиз, айниқса, биз ёшларнинг олдимизга ҳам улкан вазифалар қўяди. Зеро, ўз устида ишлаб, юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримиз учун шарафдир.
Фахриёр Бахтиёров,
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети курсанти
ЎзА