Энг абжир чавондозлар Самарқандда беллашади
Термиз туманидаги “Отчапар” мажмуасида улоқ-кўпкари мусобақасининг Сурхондарё вилояти саралаш босқичи бўлиб ўтди. Қизғин баҳсларга бой бўлган беллашувда туманларда ўтказилган мусобақа ғолиблари ўз маҳоратини намойиш этди.
Президентимизнинг жорий йил 5 августдаги “Сурхондарё вилоятида қорабайир зотли отларни етиштириш ва оммалаштириш ҳамда от спорти турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ Термиз тумани Янгиобод маҳалласидаги Отчопар мажмуасининг 64,6 гектар ҳудудида Қорабайир отлари маҳорат мактаби ташкил этилган. Бу ерда ёш чавондозларни тарбиялаш, миллий от спорти мусобақаларини ўтказиш, Қорабайир зотли отлардан фойдаланишни оммалаштириш ва миллий от спортининг халқаро довруғини дунёга кенг тараннум этиш учун барча шароит яратилмоқда. Моддий-техника базаси мустаҳкамланаётир.

Мамлакатимизда оммавийлашиб бораётган улоқ-кўпкари мусобақасининг вилоят саралаш босқичида икки юздан ортиқ энг моҳир чавондоз миллий от спорти ўйинининг “от пойгаси”, “жамоавий кўпкари” ҳамда “оломон улоқ-кўпкари” турлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
Кўпкарида улоқни учқур отлар талотўпидан моҳирлик билан ажратиб олиб, кенг майдонга олиб чиққан энг эпчил, чапдаст чавондозлар мухлислар олқишига сазовар бўлди. Зеро, кўпкари, ҳалоллик, мардлик, довюраклик, абжирлик каби юксак фазилатларни мужассам этган миллий ўйиндир. Давлатимиз раҳбари ғояси билан аждодларимизнинг ана шундай юксак жиҳатларини ёш авлод қалбига янада чуқур сингдириш учун воҳа туманларида ҳам Қорабайир зотли отлардан фойдаланишга ихтисослашган секция ва от спорти клублари ташкил этилмоқда. Юқори малакали тренерлар тайёрлаш йўлга қўйилаётир. От спорти бўйича маҳалла, туман ва вилоят мусобақалари ўтказилиб, энг абжир чавондозлар муносиб рағбатлантирилмоқда.

Мусобақа доирасида шунингдек, “Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021” вилоят ёш чавондозлари беллашуви ўтказилди. Арқон тортиш, тош кўтариш, камондан отиш каби миллий ўйинлар мусобақаси ҳам томошабинларда катта қизиқиш ўйғотди.
От устида муросасиз беллашувларга бой бўлган мусобақанинг оломон кўпкари йўналишида улоқ айирган энг абжир чавондозлар турли қимматбаҳо совринларга эгалик қилди. Отлар пойгасида Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Абдурашид Ворисов "Барс" лақабли Қорабайир оти билан 1-ўринни эгаллади. Жамоавий кўпкари баҳсида ҳам Миллий гвардия чавандозлари бошқа маҳаллий жамоалардан устун келди.
Ғолиблар қиммабаҳо соврин ва пул мукофотлари билан тақдирланди. Улар жорий йилнинг 17 декабрь куни Самарқанд вилоятида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионатида қатнашади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА