Сайёрамизнинг кўплаб давлатларида кузатилаётган энергия тақчиллиги мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Йилдан-йилга янги саноат корхоналари ишга туширилаётгани, хизматлар кўрсатиш ривожланиб, янги-янги турар-жой бинолари барпо этилаётгани истеъмолчиларнинг табиий газ ҳамда электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжини ошираётир. Бу шароитда энерготежамкор ускуналар ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш энергоресурсларни иқтисод қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Истеъмолчиларнинг энергия самарадорлиги оширилиб, энергия сарфи ҳажмини пасайтиришга, соҳа ва тармоқларда энергия тежовчи илғор технологияларни кенг жорий этишга эътиборни кучайтираётир.
Сурхондарё вилоятида ҳам ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий энергия самарадор ва энергия тежовчи технологиялар ўрнатилиб, электр энергияси ҳамда табиий газни тежашга эришилмоқда. Жумладан, Шўрчи тумани ҳокимиятининг ахборот хизмати раҳбари Нигина Шоева тумандаги йирик истеъмолчилар энерготежамкор ускуналарни ўрнатиб, табиий газ ва электр энергиясини иқтисод қилаётганидан, авваллари энергия ресурслари учун сарфлаган ортиқча маблағи эндиликда корхона фойдасига қолаётганидан мамнун эканини айтиб қолди. Бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Бу ишнинг самаралари билан қизиқиб, тумандаги Бўстон маҳалласида фаолият юритаётган "Фаровон қувонч ривож" хусусий корхонасига қарашли нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўлимига яқинда ўрнатилган тежамкор газ-горелкали қурилма билан танишдик.
Корхона новвойлари бир кунда аҳолига ўртача 500, бир ойда 15 минг дона ширмой нон етказиб беради. Уни пишириш учун табиий газдан фойдаланади.
– Тежамкор ускуна кони фойда экан, – дейди хусусий корхона раҳбари Наргиза Султонова. – Ҳозир ойлик синовдан ўтказдик. Буни қарангки, бир ойда 450 куб-метрдан ортиқ табиий газни тежаб қолибмиз. Бу рақамни бир йилга кўпайтирсангиз 5 минг 500 куб-метргача табиий газ иқтисод қилинади. Бу авваллари сарфланган шунча миқдордаги ёқилғи харажати корхона фойдасига қолди, дегани. Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархида ҳам ўзгариш бўлади. Биз тежаган ёқилғини эса бошқа бир истеъмолчи ўз эҳтиёжи учун ишлатади.
Хусусий корхона новвойлари газ тежамкор ускуна ўрнатилгунча бир ойда 2 минг 56,5 куб-метр ҳажмдаги табиий газдан фойдаланган бўлса, энергия тежайдиган янги қурилма билан жиҳозлагач, ойига 1 минг 603,5 куб-метр газ ёқилғисини сарфламоқда. Тўловларда иқтисод қилинаётган маблағни корхонани янада ривожлантириш учун ишлатиш режалаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра, айни пайтда тумандаги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарига 70 га яқин замонавий тежамкор табиий газ қурилмаси, 1 минг 733 истеъмолчига қуёш панели ўрнатилди. Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа иншоотларига тежамкор табиий газ ускуналари ҳамда муқобил энергия манбаларини ўрнатиш давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири