Энерготежамкор газ ёндиргичлари тежамкор ва хавфсиздир
Бугун тежамкорлик масаласига кенг эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда газ таъминоти масъуллари томонидан тарғибот ва тушунтиришлар олиб борилмоқда. Тадбирларда асосий эътибор эски, ностандарт газ жиҳозларидан фойдаланишда хавфлилик даражаси юқори эканлигига қаратилмоқда.
–Баъзи истеъмолчилар томонидан ҳамон фойдаланиб келинаётган эски газ жиҳозларидан мисол тариқасида 1 паллали газ ёндиргичли иситиш жиҳозларини оладиган бўлсак, унинг соатлик сарфи 0,95 м3лик ёндиргич ўрнатилган бўлса, қиш кунлари об-ҳаво ҳарорати +7 даражага тушганда ўртача 0,75 м3 сарфи кузатилади, –дейди “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали ходими Саъдулло Халилов. – Бу эса, кунлик 18 м3 ни, ойлик 540 м3 газ сарфини, тўлови эса 205200 сўмни ташкил қилади. Уларда автоматик меъёрлаш тизими йўқлиги сабабли, кунлик олинаётган газ ҳажмлари истеъмолидан ортиқча сарфланиши кузатилмоқда.

Агарда замонавий энерготежамкор газ ёндиргичлари ўрнатилса, автоматик соатлик сарфи ўртача 0,8 м3лик ёндиргич ўрнатилган бўлса, қиш кунлари об-ҳаво ҳарорати +7 даражага тушганда ўртача 0,6 м3 газ сарфи кузатилади. Бу эса ўз навбатида кунлик 14,4 м3 ни, ойлик 432 м3 газ сарфини, тўлови эса 164160 сўмни ташкил қилади.
Бундан кўриниб турибдики, замонавий энерготежамкор газ жиҳозлари табиий газнинг ўртача 20 фоиз тежалишига олиб келади.
Жойларда тарғиботлар давомида айни шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Рақамлар асосида маълумотлар берилмоқда.

Ўтган йили жами 64 мингдан ортиқ энерготежамкор газ жиҳози ўрнатилган бўлса, жорий йилда эса 90 мингдан ортиқ ўрнатилиши режалаштирилган. Шубҳасиз, бу 42 миллион метр кубдан ортиқ табиий газнинг тежалишига олиб келади. Жорий йилнинг дастлабки ойларида эса 17 мингга яқин энерготежамкор газ жиҳози ўрнатилди.
Агар ҳар бир истеъмолчи энерготежамкор газ ёндиргичларини ўрнатса, у тежамкорлик билан бир қаторда хавфсизлигига ҳам эътибор қаратган бўлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири