Энергия тежамкорлигига эришиш бугунги кун талаби
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Навоий вилоятида уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси ва энергия тежамкорлиги бўйича кўп қаватли уйларда амалга оширилган ишлар” мавзусида республика семинари ташкил этилди.
Мазкур семинар давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 30 июнь куни “Энергия ресурсларини тежаш ҳамда энергетика соҳаси объектларини 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда Навоий вилоятида уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси ва энергия тежамкорлик бўйича Республика семинарини ташкил этиш топшириғига асосан ташкил этилди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги мутасаддилари, уларнинг қуйи тизимларидаги корхона ҳамда ташкилот раҳбарлари иштирок этган тадбирда Навоий вилоятида уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида энергия тежамкорлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

– Бугунги кунда вилоятда 2 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жойлар мавжуд бўлиб, ушбу уйларга 64 та бошқарув сервис компаниялари томонидан коммунал хизматлар кўрсатиб келинмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Камолов. – Бошқарув ташкилотлари “Менинг уйим” биллинг тизимига тўлиқ уланган бўлиб, январь-август ойларида 46 миллиард сўм ундирилишига эришилди. Шу билан биргаликда, энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда бошқарув ташкилотларининг 22 миллиард сўм ҳамда 17 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 490 та кўп квартирали уйларда 25 минг квадрат метр том қисми, 115 та фасад қисми ҳамда 467 та кириш йўлаклари таъмирланди. 1826 квадрат метр ойна ромлари ўрнатилди. 151 та уйларнинг ертўла қисмидаги муҳандислик тармоқлари, 81 та уй ички тармоқлари ҳамда 5934 та электр тақсимловчи ускунаси таъмирланди. 23 та лифт ускунаси янгисига алмаштирилди.

Вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш манбаларини диверсификациялаш, аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Кармана туманида 100 МВтли қуёш станцияси фойдаланишга топширилган бўлса, Томди туманида қуввати 500 МВтли шамол электр станцияси қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Шунингдек, Томди туманида “Тепеленг групп” компанияси томонидан қуввати 500 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қурилиш монтаж ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари Нурота туманида қуввати 300 МВтли шамол, 300 МВтли қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда қуввати 150 МВт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш учун тегишли қарор қабул қилинди.
Семинар иштирокчилари уй-жой ва коммунал йўналишидаги илк локация – Навоий шаҳри “Ватан” МФЙда бўлиб, “Navoiy city” бошқарув компанияси фаолияти билан яқиндан танишди.

“Navoiy city” бошқарув компанияси томонидан кутубхона биноси, сайилгоҳ, фаввора, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари растаси, спорт майдончалари, расмлар чизиш, бепул WI-FI зонаси каби кўнгилочар объектлар қурилган. Бошқарув ташкилотининг 1,3 миллиард сўм дебиторлик қарздорлиги бугунги кунда 435,1 миллион сўмга қисқарган.

Тадбир иштирокчилари “Гулзор” турар жой комплекси мисолида Навоий шаҳридаги бошқарув сервис компаниялари фаолияти ва барпо этилган замонавий ижтимоий уй-жойларда бўлди.

Республика семинари иштирокчилари электр энергияси таъминоти йўналишида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиалида амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида “Ишлаб чиқариш базаси”, 5-сонли нимстанция, “Zarafshan golden group” MЧЖ нинг Навоий шаҳар кичик саноат зонаси ҳудудидаги объекти, “Қуёшли хонадон” дастури бўйича аҳоли хонадонига ўрнатилган қуввати 50 кВт бўлган қуёш панели ишлаш ҳолатини ўрганиш учун Кармана тумани “Боғишамол” маҳалласига ташриф буюрди.

Шунингдек, иштирокчилар табиий газ таъминоти йўналишида “Hududgaz Navoiy” газ таъминоти филиалининг Марказий диспетчерлик хизматидаги платформа, АСКУГ тизимда мавжуд имкониятларни ва автоматик бошқарув тизими билан танишиш учун “Hududgaz Navoiy” филиалига, аҳоли хонадонларига ўрнатилган энерготежамкор газ ёндиргичлари ҳолатини ўрганиш мақсадида Навоий шаҳри Ҳаёт маҳалласига ташриф буюрди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири