Ҳозирги кунда сув таъминоти соҳасида электр энергиясидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш масаласи энг долзарб йўналишлардан бирига айланди.
Чунки ичимлик суви таъминоти инфратузилмасидаги асосий харажатлардан бири электр энергияси бўлиб, ундан самарали фойдаланиш орқали иқтисодий ва экологик самарадорликка эришиш мумкин.
“Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан 2025 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ушбу йўналишда тизимли ислоҳотлар бошланганини кўрсатади.
– Жорий йилда энергетик самарадорликни ошириш бўйича аниқ мақсадли дастур ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳиржон Ҳайдаров. – Жумладан, корхоналарда 397 та ёритиш чироғига ҳаракат сенсорлари жойлаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача уларнинг 327 таси фойдаланишга топширилди.
Шу билан бирга, 697 дона оддий лампани энергия тежовчи LED чироқларига алмаштириш вазифаси белгиланган эди. Амалда 711 та замонавий чироқ ўрнатилди, режа 105 фоизга бажарилди. Маълумки, LED технологияси анъанавий ёритиш воситаларидан бир неча баробар кам энергия сарфлаб, узоқ муддатли фойдаланиш имконини беради.

Тизимда реактив қувватни қоплаш мақсадида 1 910 кВАр сиғимли конденсатор батареялари жойлаштирилиши кўзда тутилган бўлиб, 6 ойлик давр мобайнида 1 311 кВАр ҳажмидаги жиҳозлар ишга туширилди. Бу йиллик режанинг 68,6 фоизини ташкил этади.
Қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича ҳам ижобий динамика кузатилмоқда. Режада 3 660 кВт қувватдаги қуёш панелларини жорий этиш назарда тутилган бўлиб, амалда 3 868 кВт қувватга эга иншоотлар ишга туширилди. Бу кўрсаткич режадан 106 фоиз юқори натижани кўрсатади.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида дастлаб 1 миллион 647 минг кВт/соат электр энергияси тежалиши кутилган бўлса, амалда 1 миллион 923,1 минг кВт/соат энергия тежалди. Молиявий ҳисоб-китобларга кўра, бу 1 миллиард 923,1 миллион сўмлик иқтисодий самарани таъминлади. Умумий ҳисобда йилнинг биринчи ярмида энергия тежаш бўйича белгиланган режа 116,8 фоизга бажарилди.
Насос агрегатлари самарадорлигини ошириш мақсадида 501 та эски турдаги, юқори сарфли насос янги, энергия тежовчи ускуналарга алмаштирилди. Бу орқали 833 минг кВт/соат энергия тежалди.
Шунингдек, жамият маблағлари ҳисобига 161 та иншоотда умумий қуввати 7 953 кВт бўлган қуёш панеллари жойлаштирилди. Уларнинг ёрдамида 7,1 миллион кВт/соат электр энергияси тежалди, бу 7,1 миллиард сўмлик иқтисодий фойда демакдир.
Соҳадаги яна бир янгилик “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ билан ҳамкорликда автоматлаштирилган ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими (ASKUE) жорий этилганидир. У орқали ичимлик суви ва оқова сув объектларида сарфланадиган электр энергияси реал вақт режимида мониторинг қилинади. Технологик нормативлардан оғишиш ёки ускуналарда носозлик кузатилганда тезкор чора кўриш, шу билан бирга электр истеъмоли юзасидан шаффоф ҳисоб-китобни таъминлаш имкони ҳам яратилди.
Хулоса қилиб айтганда, 2025 йилнинг дастлабки олти ойида амалга оширилган чоралар орқали миллиардлаб сўм иқтисод қилинган. Энг муҳими, бу жараён фақат иқтисод эмас, балки хизматлар сифатини яхшилаш, экологик барқарорлик ва келажак учун масъулиятни таъминлашга қаратилган. Ҳар бир тежалган киловатт-соат барқарор ривожланиш сари қўйилган яна бир қадамдир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА