Сўнгги йилларда юртимизда ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш орқали бозор механизмларини жорий этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 1-2 май кунлари давлатимиз раҳбарининг Хоразмга ташрифи чоғида ҳам мазкур соҳа бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Айни кунларда вилоятда энергия самарадор қурилмалардан кенгроқ фойдаланилишини таъминлаш, энергия ресурслари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, энергия ресурсларининг йўқотишларини камайтириш ишлари маҳаллабай усулида ташкил этилмоқда. Натижада вилоятда жорий йилнинг ўтган 4 ойида табиий газдан йўқотишлар даражаси 58,5 млн. куб метрни ташкил этиб, йил бошига нисбатан 1,5 фоизга, электр энергиясидан эса 0,9 фоизга камайган.
Вилоят прокуратураси органлари томонидан бу борадаги вазифалар ижроси алоҳида назоратга олинган бўлиб, аҳолини ёқилғи ва энергия ресурслари билан таъминлаш, бу борада талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, ёқилғи ва энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича вилоят, туман ва шаҳар штаблари фаолият юритмоқда.
–Урганч шаҳри ҳудудида энергия ресурсларини тежаш ва тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш бўйича барча имкониятлардан фойдаланилмоқда, –дейди Урганч шаҳар прокурори Мирза Вафоев. – Хусусан, жорий йилнинг дастлабки тўрт ойида шаҳримиз аҳолисига 89 миллион куб метр газ етказиб берилган. Йўқотишлар 13 миллион куб метрни ташкил қилди. Яъни бизда ҳам йўқотишлар 1,5 фоизга камайди. Электр энергиясидаги йўқотишлар эса 7 миллион киловаттни ташкил этиб, 4 фоизга камайган. Шунингдек, электр энергияси ва табий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан олиб борилган рейд тадбирлари натижасида 169 та ҳолатда давлатга етказилган 2,4 миллиард сўм зарар айбдор шахслардан ундирилди.
–Дарҳақиқат, шаҳар бўйича ҳозирда ҳам қуёш панеллари, гелиоколлектор, реактив қувватни компенсация қилувчи батареяларни ўрнатиш, энергия аудитларини ўтказиш ва табий газни иқтисод қилишда стандарт газ ёндиргичларни алмаштириш ишлари олиб борилмоқда.
[gallery-23608]
Мисол қилиб айтадиган бўлсам, шаҳримизнинг Янги Ашхобод массивининг газ таъминоти тизими тўлиқ автоматлашган тизимга ўтказилди, –дейди Урганч шаҳар газ таъминоти корхонаси бошлиғи Қурамбой Маметов. – Бунинг учун 1129 та хонадонда инвентаризация ишлари олиб борилди. Уларнинг барчаси икки босқичли тизимга ўтказилди. Қарийб 24 километр газ қувурлари ўрнатилиб, натижада 260 минг куб метр газ иқтисод қилинади.
Қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларидан фойдаланилганда электр ва иссиқлик энергияси текинга олинади. Бундан ташқари, айни кунларда юртимизда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш бўйича қатор қулайликлар, солиқ имтиёзлари яратилди. Қуёш панеллари орқали электр энергия ишлаб чиқарилганда атроф-муҳитга ҳеч қандай зарарли газлар чиқмайди. Энг асосийси, қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилган пайтдан бошлаб даромад олиб кела бошлайди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uJlAaqgCXhQ" title="Energiya tejamkorligi prokuratura nazoratida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>– Бундай қурилмалар биноларнинг том қисмида ҳамда бўш ер майдонларга ўрнатилгани учун ишлаш жараёнида ҳеч қандай шовқин бўлмайди, – дейди “Бунёд йўловчи ташиш” корхонаси бош муҳандиси Алишер Каримов. – Замонавий воситалар бинони узлуксиз электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради. Замонавий автобусларимизни кечаси ювиб тозалаймиз, техник хизматлар кўрсатамиз. Бу жараёнда жуда кўп электр энергияси сарфланади. Шу сабабдан биноларимизнинг том қисмига 520 киловатлик қуёш панелларини ўрнатдик. Қуёш панелларимиз кун бўйи энергия тўплайди ва кечаси узатади. Сарфлангандан қолган электр энергиясини сотамиз. Бу ҳам алоҳида бир даромад.
Маълумотларга кўра, бугун вилоятда ўрнатилган қуёш панели қурилмаларидан 46 МВт электр ва гелиоколлекторлардан 21 минг 2 минг литр иссиқлик энергияси олинмоқда. Прокуратура органлари эса ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва беҳуда сарфланишининг олдини олиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш бўйича мунтазам чоралар кўрмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари