Энергия тежамкор технология: самара ва амалиёт
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки гуруҳи ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида Наманган ва Андижон вилоятларига медиа-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Жаҳон банки гуруҳи ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида Наманган ва Андижон вилоятларига медиа-тур ташкил этилди.Медиа-тур иштирокчилари Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги “Учқўрғонёғ” акциядорлик жамиятида жорий қилинган энергия тежамкор технологиялар билан танишди.
– Президентимизнинг жорий йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда янги истиқболлар очди, – дейди "Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш" лойиҳаси раҳбари А.Алимбоев. – Мазкур лойиҳа ҳам ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган иннновация лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, корхона ва ташкилотлардаги эскирган ишлаб чиқариш ускуналарини замонавийларига алмаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларини энергия тежайдиган технологиялар ҳисобига модернизация қилиш, бу борадаги илмий-техник тадқиқотларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган. “Учқўрғонёғ” корхонасида жорий қилинган технология иқтисодий, экологик ва бошқа жиҳатлардан муҳим аҳамиятга эга.
“Учқўрғонёғ” акциядорлик жамиятига Австриянинг “Astebo” компаниясида ишлаб чиқарилган TND-115000 U 19 русумли энергия тежамкор буғ қозони ўрнатилган.
– Умумий қиймати 540 минг долларга тенг лойиҳа корхонамизга катта иқтисодий наф келтиради, – дейди корхонанинг инвестициялар бўлими бошлиғи Ш.Мадаминов. – Эски буғ қозонида 1 тонна буғ ишлаб чиқариш учун 117 кубметр табиий газ талаб этилар эди. Ушбу замонавий буғ қозонида эса шунча буғ ишлаб чиқариш учун 73 кубметр газ кифоя қилади, яъни 44 кубметр ёқилғи тежаб қолинади. Ёки илгари 1 тонна буғ 13,5 кВт электр энергияси ёрдамида ишлаб чиқарилган бўлса, энди бунинг учун атиги 4,1 кВт электр энергияси етарли. Умумий ҳисобда бу технология электр ва табиий газга сарфланадиган маблағдан йилига 220 миллион сўм иқтисод қилиш имконини беради. Бу, ўз навбатида, маҳсулотимиз таннархини 10-15 фоиз арзонлаштиришни таъминлайди.
Янги буғ қозони иссиқлик ўтказиш тизимининг яхшилиги, таббий газнинг ҳавога учиб кетишига йўл қўйилмаслиги ҳисобига фойдали иш самарадорлиги юқори бўлиб, атмосферага зарарли газ чиқиши 1,5-2 марта камайиши билан муҳим аҳамият касб этади. Тизим операторсиз, яъни тўлиқ автоматлаштирилган тарзда бошқарилади.
Иқтисодиёт вазирлиги мутахассислари, тижорат банклари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида умумий қиймати 4,7 миллион доллар бўлган “Ўзтрансгаз корхоналари компресс станцияси двигатель газ қувурларидан чиқаётган иссиқликдан корхона эҳтиёжи учун электр энергияси олиш” лойиҳаси доирасида Андижон вилояти Хўжаобод газни ер остида сақлаш иншоотида амалга оширилаётган сублойиҳа тақдимоти ўтказилди.
Мазкур иншоотда мавжуд компрессор станциялари газ қувурларига Италиянинг “Turbоden” компанияси махсус технологияси ўрнатилмоқда. Ушбу технологиянинг ишга туширилиши йилига 3 миллион киловат-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
– Лойиҳа доирасида корхонамизда олиб борилаётган ишлар ўзига хос, қолаверса, мамлакатимизда илк бор амалга оширилаётган жараёндир, – дейди Хўжаобод газни ер остида сақлаш иншооти бошлиғи Х.Боқижонов. – Компрессор станцияси агрегатлари ишлатилиши натижасида унинг қувурларидан ҳавога чиқиб кетаётган иссиқликни қайта ишлаш ҳисобига олинадиган электр энергияси иншоотимизнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўла қоплайди, янги технология корхонамизга катта иқтисодий фойда келтиради. Энг муҳими, турли заҳарли газлар ва иссиқлик очиқ ҳавога чиқиб кетиши, яъни атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олади.
Айни кунларда янги технологияни ўрнатиш билан боғлиқ қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилмоқда. Ушбу технология хорижлик мутахассислар иштирокида синовдан ўтказилиб, жорий йил охирига қадар ишга туширилади.
Медиа-турда мутахассислар томонидан йирик саноат корхоналарида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш тажрибаси, энергиядан фойдаланиш самарадорлигини оширишга инвестиция йўналтиришнинг аҳамияти ва афзалликлари хусусида атрофлича маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.