Энергия тежамкор лойиҳалар – давр талаби
Бугунги кунда электр энергия ресурсларини тежаш давр талабига айланмоқда. Шу боис ҳар бир соҳада энергия тежамкор ускуналардан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Бунга қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш йўналишида фаолият юритаётган ташкилотларни ҳам мисол келтириш мумкин.
Масалан, Қашқадарё вилоятидаги чўл ҳудудларида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун сув манбаи катта миқдордаги электр энергия эвазига келтирилади. Чунки Амударёдан олинаётган сув насослар ёрдамида магистрал каналларга кўтариб берилади. Ундан яна бошқа каналларга ва ҳоказо. Берилган маълумотларга кўра, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасида 695 нафар муҳандис ва ишчи ходим хизмат қилади. Улар томонидан тизим ҳисобидаги 56 дона суғориш, 13 дона мелиоратив насос станциялар, 1 минг 170 дона суғориш ва 240 дона мелиоратив қудуқлар бошқарилади.

Бошқарма ҳисобидаги 244 дона насос агрегатларидан 118 дона насос ва 139 дона электродвигателлар 20-30 йил мобайнида тўлиқ қувватда ишлаб маънан эскирганлиги ҳамда ишлатишга яроқсиз ҳолга келган агрегатлар 2015-2024 йиллар мобайнида босқичма босқич алмаштирилмоқда.
Хусусан, Ғузор туманидаги “Дўстлик 1-2-3” насос станцияси раҳбари Иброҳим Тўрахонов соҳа бўйича каттагина тажрибага эга. Станциядаги сўнгги ўзгаришлар нафақат раҳбар сифатида балки соҳа ходими сифатида ҳам уни хурсанд қилмоқда. Замонавий технологиялар асосида қурилган станциядаги иш жараёнлари аввалгисидан анча фарқ қилиб, рақамли бошқарув тизими иш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда, дейди у.

– Насос агрегатларимиз янгилангандан кейин ишчиларимиз хонада ўтириб рақамли технологиялар орқали 24 соат давомида насосларни назорат қилиб бориш имконига эга бўлди, – дейди И.Тўрахонов. – Олдин насосларни қайси бири бузилиб қолганини билиш ва уни тузатишга кўп вақт сарф бўларди. Ҳозир эса қайси агрегат ишламаётгани экранда кўриниб туради. Бир пастда бартараф этамиз. Қўлимиз қора ёққа ботмайди. Хоналаримиз ёруғ ва шинам.
Янгидан қуриб фойдаланишга топширилган станция Ғузор ва Қарши туманларидаги 13 минг гектардан зиёд экин майдонларини барқарор сув билан таъминлашга хизмат қилиб, агрегатлар ҳам замонавийлиги билан ажралиб туради. Бу эса сувнинг ортиқча исроф бўлмаслигини ва энергия сарфини ҳам тежашга ёрдам бермоқда.

Тежамкорлик ва омилкорлик бу бугунги кун талаби. Сув танқислиги хавф солиб турган бир пайтда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, бу неъматни асраш ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этиб, соҳага замонавий технологияларни олиб киришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Қашқадарё вилоятида мавжуд 514 минг гектар суғориладиган ер майдонининг 128 минг гектари насос станциялари томонидан етказиб берилаётган сув билан суғорилади.
Станциялар фаолиятини модернизациялаш, соҳага янги технологияларни жорий қилиш, энг муҳими бу орқали электр энергияси тежамкорлигини ошириш ҳам устувор вазифалардан саналади. Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар эса ана шу вазифалар ижросини таъминлашга қаратилиб, бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

– Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан жорий йил ҳисобидан энергия самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисод қилиш юзасидан 6 дона насос агрегатларини алмаштириш режалаштирилган эди, амалда эса қайта-қайта эксплуатация қилинишига қарамасдан яроқсиз ҳолга келиб, маънан эскириб қолган 9 дона насос замонавийига алмаштирилди, – дейди Насос станцияларининг электр жиҳозларини таъмирлаш хизмати бошлиғи Жасур Ибрагимов. – Бунинг натижасида электр энергия сарфини 15 фоизгача қисқартиришга эришдик. Бундан ташқари, энергия тежовчи қурилмалардан самарали фойдаланиш ва насос станцияларини ўз эҳтиёжи учун муқобил энергиялардан фойдаланиш юзасидан ҳам самарали ишлар амалга оширилди. Бунинг натижасида 208 минг кВт соат электр энергияси иқтисод қилишга эришилди. Кейинги йил давомида ҳам энергия самарадор қурилмалардан фойдаланиш ва электр-энергиясини деярли 15-20 фоизга қисқартиришга эришиш бўйича амалий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Масъулларнинг таъкидлашича, 2025 йилда 15 та насос станция, 902 дона ягона истеъмолчи мавжуд тик қудуқларга Давлат хусусий шериклик асосида лойиҳалар жалб қилиниши ҳам режалаштирилган. Бу орқали 56,1 миллион кВт электр энергия иқтисод қилиниши кутилмоқда.

Жумладан, вилоятдаги 15 та насос станция ва 50 та суғориш, 20 та мелиоратив қудуқлари Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш кўзда тутилган. Ҳозирда Қарши туманидаги “Янгибоғ”, “Насаф”, Китоб туманидаги “Қорабулоқ” насос станцияларидаги 50 та суғориш қудуқларига ташаббускорлар аниқланган. Ушбу объектлар лойиҳа ҳужжатлари асосида ишлаб чиқилиб, Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, насос станцияларини модернизация қилиш бу қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини яхшилашга хизмат қилади. Бинобарин, эски насос станцияларини бугунги кун талабига мослаш ҳаётий зарурат. Келгусида станциялар фаолиятига замонавий технологияларни жорий қилиниши эса сув таъминоти билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири