Энергия тежамкор газ ускуналарига талаб ортмоқда
Тежамкорликка риоя этиш қайси соҳада бўлмасин, ўзининг ижобий самарасини беради. Негаки, берилган ҳар бир неъматнинг қиймати, ўлчови бор.
Куз-қиш мавсумида табиий газнинг бир кубидан ҳам унумли фойдаланиш зарурлигини шароитнинг ўзи тақозо этади.
Бунда истеъмолчилар хонадонларига ўрнатилаётган энергия тежамкор газ ускуналарининг аҳамияти катта.
“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимлари ходимлари томонидан энергия тежамкор газ ёндиргичларининг афзалликлари юзасидан жойларда маҳаллалар бўйича олиб борилаётган тарғибот тадбирлари ҳам бежизга эмас.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай энергия тежовчи газ ёндиргичлари газ сарфини 30-35 фоизга камайтиради, газнинг тўлиқ ёнишини таъминлайди. Шунингдек, хавфсизлик автоматикасига эгалиги учун ҳам газ ўчган тақдирда автоматик равишда газ ёндиргич ўчади.
– Якунланган 2023 йилда вилоятда 27 минг 690 та энергия тежамкор газ ускунаси ўрнатилиши таъминланди, – дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси Фахриддин Жумаев. – Олиб бораётган тарғибот ишларимиз натижасида аҳоли билан бирга улгуржи истеъмолчиларимизда ҳам бино ва хоналарни иситишда тажамкор газ ёндиргичларидан фойдаланиш талаби ортяпти. Маънан эскирган, қўлбола ва ностандарт газ жиҳозлари ўрнига замонавий газ ёндиргичларидан фойдаланиш газ тўлови учун харажатларни камайтириши билан ҳам истеъмолчиларимизда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Жорий йилда вилоят бўйича жами 14 минг 252 та замонавий энергия тежамкор газ ускунасини ўрнатиш режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири