Наманган вилоятининг Поп туманида энергия тақчиллигини олдини олиш бўйича йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов “Energy China Namangan obi-xayot battery energy storage system” масъулияти чекланган жамият томонидан олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.
Ушбу лойиҳа “China Gezhouba Group Overseas Investment Co. LTD” компанияси ҳамкорлигида бажарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ҳамда 2023 йил 27 декабрда имзоланган инвестиция шартномасига мувофиқ, Наманган вилоятининг Поп туманида қуввати 200 мВт/соат бўлган электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.
[gallery-27491]
Лойиҳа қиймати 220 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, қурилиш ишлари Чодак массивидаги “Оби Ҳаёт” подстанциясига яқин ер майдонида олиб борилмоқда. Вилоят раҳбари объектдаги ишларни ўрганиб, лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудудларни энергетик барқарорлигини таъминлаш, электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.