Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ ва илмий ходимлар иштирокида энергия ресурсларини иқтисод қилиш, ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратининг янги механизмларини жорий этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокамасига бағишланган республика штабининг сайёр йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда, бешта йўналишда ишчи гуруҳлар тузилиши, улар томонидан вилоятда энергетика тизимини илмий ёндашувларга таянган ҳолда ўрганиб чиқиб, соҳада мавжуд тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тақдим этиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш устидан давлат назоратини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Бухоро шаҳар штабининг фаолияти танқидий муҳокама қилинди. Масъулларга энергия ресурслари йўқотилиши юқори бўлган ҳудудларда рейд тадбирларини ўтказиш, ресурсларни иқтисод қилиш борасидаги ишларни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, Бухоро шаҳридаги йирик истеъмолчи ҳисобланган “Камалак Шабнам Текс” қўшма корхонаси ва “Нигора” МЧЖ фаолиятлари билан танишилди. Энергия ресурсларини иқтисод қилиш, энерготежамкор ускуналар, қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, “Бухорошаҳаргаз” газ тақсимлаш бўлимидаги газ тақсимлаш станциясида бўлиб, истеъмолчиларга газни барқарор етказиб бериш ва тармоқлардаги йўқотишларни қисқартириш бўйича вазифалар юклатилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.