Энергия ресурсларини тежаш – давр талаби
Миллий матбуот марказида электр энергетика соҳасига инвестициялар жалб этиш, фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар тизимини такомиллаштириш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Миллий матбуот марказида электр энергетика соҳасига инвестициялар жалб этиш, фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар тизимини такомиллаштириш масаласига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси ташкил этган тадбирда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясидан самарали фойдаланиш, тўловлар тизимини такомиллаштириш, шунингдек, компания томонидан чет эл инвестициялари жалб қилинган ҳолда амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама этилди.
“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Р.Раимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида энергетика тармоғи салоҳиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда замонавий тежамкор технологияларнинг жорий этилаётгани самарасида электр станциялари қуввати ошмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси томонидан 26 йирик инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилаётир. Жорий йилда ушбу лойиҳалар доирасида янги саккизта объект ишга туширилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент, Талимаржон, Навоий ва Тахиатош иссиқлик электр станцияларида буғ-газ қурилмаларини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажмини сезиларли ошириш ва энергия ресурсларидан фойдаланишни камайтириш имконини беради.
Мамлакатимизда энергия тизимларини янада ривожлантириш, электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш, электр энергиясини узатишда йўқотишларни камайтириш мақсадида магистрал электр тармоқлари такомиллаштирилмоқда. Чунончи, айни пайтда узунлиги 218 километр бўлган “Талимаржон ИЭС – Сўғдиёна ПС” ва 130 километрлик “Сирдарё ИЭС – Янги Ангрен ИЭС” юқори вольтли линиялари барпо этилмоқда.
“Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда электр энергияси ишлаб чиқариш учун такомиллаштирилган ва самарали технологик ускуналардан фойдаланиш, шунингдек, мамлакатимиз энергетика балансида қайта тикланадиган энергия манбаларини кўпайтириш ҳисобидан атмосферага зарарли моддалар чиқаришни камайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Матбуот анжуманида қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ва мамлакатимиз энергетика тармоғини диверсификация қилишни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Айни пайтда Самарқанд вилоятида қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланди. Шунингдек, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ҳам шундай станциялар барпо этиш режалаштирилаётир. Электр энергиясидан оқилона ва самарали фойдаланиш, тўловларни ўз вақтида тўлашни таъминлаш мақсадида истеъмолчиларга фойдаланилган электр энергиясини аниқ ва ишончли ҳисоблашни таъминлайдиган замонавий электрон ҳисоблагичлар босқичма-босқич ўрнатилмоқда.
Ўзбекистон энергия тизимларини модернизация қилиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар энергетика тармоғини янада ривожлантириш, фойдаланувчиларни электр энергияси билан узлуксиз ва ишончли таъминлаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.