Энергетиклар меҳнати эътироф этилди
Гулистон шаҳридаги “Зомин” тантаналар уйида Энергетиклар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиалининг соҳа ривожига ҳисса қўшиб келаётган ходимлар, устозлар, соҳа фахрийлари ҳамда ёш мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Алишер Хидиров ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали директори Ёдгор Деҳқонов иштирок этишди ва улар энергетика соҳаси ходимларини самимий байрам билан қутлашиб, ўз нутқларида энергетиклар фаолияти мамлакат иқтисодиёти ривожи, саноат тармоқларининг барқарор ишлаши ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар, замонавий лойиҳалар ва ишлаб чиқаришдаги инновацион ёндашувлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар.




Байрам тадбири доирасида кўп йиллик фидойи меҳнати билан ўз ишига садоқат кўрсатиб келаётган 17 нафар мутахассис «Энергетика фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, соҳа ривожига ҳисса қўшаётган бир қатор ходимларга фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири