Энергетика хавфсизлиги ойлиги давом этмоқда
Энергетика хавфсизлиги ойлиги доирасида “Ўзэнергоинспекция” томонидан семинарлар ва назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Ташкил этилган кўргазмали семинарларда ёқилғи ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш, энергетика хавфсизлиги ва қиш мавсумига тайёргарлик бўйича маълумотлар берилди.
Энергетика объектларида амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари, шунингдек, ишчиларнинг хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, инспекциянинг Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси ва газ таъминоти корхоналари билан ҳамкорликда аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида кўплаб назорат тадбирлари ҳам ташкил этилди.

Тадбирлар давомида газ тармоқларидаги бузилишлар ва хавфли ҳолатлар аниқланди. Масалан, Янги Наманган тумани Ишонч маҳалласидаги газ тармоғида ўзбошимчалик билан газ сўрғич мосламасини ўрнатиш ҳолати аниқланди. Бу каби ҳолатлар газ тармоқларидаги технологик иш режими ва гидравликани бузиб, газ таъминотини таҳдидга солиши мумкин.
Наманган шаҳридаги Даштбоғ маҳалласидаги газ тармоғида ҳам шундай ҳолатлар аниқланиб, бир миқдордаги бузилишлар бартараф этилган.
Шу билан бирга, Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 186-сонли трансформатор пунктида хавфсизлик техникаси қоидаларига зид равишда таъмирлаш ишлари олиб борилган бригада ишдан четлаштирилди. Ушбу ҳолатлар давлат назорати ва хавфсизликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятга молик.
Энергетика хавфсизлиги ойлиги доирасида олиб борилаётган ушбу тадбирлар аҳоли учун электр ва газ таъминотини барқарорлаштириш, энергетика тизимини янада мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА