2024 йилнинг охирига келиб, Ўзбекистон энергетика тизимида умумий қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 18 та янги объект ишга туширилди.
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ электр тармоқларини инновацион ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Бобуржон Муродовнинг сўзларига кўра, 220-500 кВ кучланишли подстанциялар ва тармоқларнинг рақамли моделини “DIgSILENT PowerFactory” дастурий таъминотида ишлаб чиқиш, янги станцияларнинг тармоққа уланишини тадқиқ қилиш ва уларнинг ишга туширилишига тайёргарлик кўриш каби қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, электр тармоқларини доимий таҳлил қилиш ва зарур ҳолларда ўта юкланган трансформаторларни катта қувватлига ўзгартириш таклифлари ҳам ишлаб чиқилган.
–Ўтган йилнинг охирига келиб, жами қуввати 2663 МВт бўлган шамол, қуёш ва иссиқлик электр станциялари фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга, 300 MВт/600 MВт соат бўлган 2 та энергия сақловчи аккумулятор батарея тизими ҳам жорий қилинди. Қўшимча равишда 3 та 500 кВ кучланишли ва 2 та 220 кВ кучланишли подстанция ҳамда умумий узунлиги 290 километр бўлган 500 кВ кучланишли тармоқ ишга туширилди. Электр тармоқларини инновацион ривожлантириш бошқармаси ходимлари ушбу лойиҳаларнинг ишга тушириш муддатларига қадар, ишларни ўз вақтида ва ишончли амалга ошириш учун инвесторлар билан ҳамкорликда ишладилар. Ушбу лойиҳалар йилига қўшимча 15 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини яратди,–деди Б.Муродов.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА