Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Ўзбекистон фанлар академияси Энергетика муаммолари институти директори, техника фанлари доктори, профессор Ҳакимжон Муродов иштирокида «Энергетика соҳасидаги муаммолар келгуси йил такрорланмаслигига кафолат борми?» мавзусида овозли чат бўлиб ўтди.
Хўш, энергетика тизимидаги муаммолар келгуси йилда такрорланмаслиги учун нима ишлар қилиш керак? Бу борада олимлар қандай таклифлар беришади?
Сайтимиз кузатувчилари йўллаган саволларга эксперт томонидан берилган жавобларнинг матн ҳамда видеоҳаволасини тақдим этамиз.
– Бу йилги энергетика соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан олимлар қандай изланишлар олиб боряпти?
– Кўпмиллатли халқимизни сифатли энергия билан таъминлаш масаласи асосий вазифаларимиздан. Республикамизда энергиянинг қайта тикланадиган турлари, захиралари кўп эмас. Маълум даражада чегараланган. Биз янги энергия турларини аниқлаб, улардан тўғри фойдаланиш бўйича тадқиқотлар олиб боряпмиз.
– Ҳар йили куз-қиш мавсумига тайёргарлик қилингани ҳақида жуда кўп гапирамиз, аниқроғи, бонг урамиз. Афсуски, бу йилги воқеалар тайёргарлик деярли йўқлигини кўрсатди. Аслида куз-қиш мавсумига тайёргарлик қандай бўлиши керак?
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўнгилдагидек бўлиши учун энг аввало соҳа ходимлари ҳар бир маҳаллада янги қурилган бинолар, савдо шохобчаларидаги истеъмолчиларнинг ҳажмини ўрганишлари керак. Янги истеъмолчи ҳисобига эски истеъмолчиларнинг энергия қувватига шикаст етмаслиги учун мавжуд техникалар яроқлилигини кўздан кечириб чиқишлари шарт. Дарахтларнинг симга тегиб турадиган шохларини кесиш, уйларнинг томларини кўздан кечириш зарур. Шунда электрни ортиқча сарфдан тежаб қоламиз.
– Энергетика вазирлиги билан институт олимлари ўртасида ҳамкорлик қай даражада?
– Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳаси илм-фан билан боғлиқ. Илмсиз бирор нарсага эришиб бўлмайди. Илм бор жойда ўсиш, самара бор. Энергетика вазирлиги ўзларининг ички муаммолари билан кўпроқ банд бўлиб қолишдими, илмга унчалик эътибор қилмай қўйишди.
Бугунги кунда соҳада бўлаётган воқеалар бу масалада ўзгаришлар бўлишига, ҳамкорлик йўлга қўйилишига туртки бўлади, деб умид қиламиз.
– Келажакда электр энергияси таъминотини такомиллаштириш юзасидан юртимиз хусусияти ва истеъмолчилар манфаатидан келиб чиқиб, қандай оламшумул ўзгаришлар амалга оширилади?
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bY8fK3aM21k" title="Энергия муаммоси келгуси йил такрорланмаслигига кафолат борми?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
– Халқимизнинг асосий қисми шу масалалар ҳал бўлишини кутишяпти, энергетикада ўзгаришлар бўлади, деб ишонишяпти. Республикамиз шароитида ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг 85 фоизи табиий газ ёқиш ҳисобига ҳосил қилинади. Бу жуда мураккаб муаммо. Масалан, қўшни мамлакатларда гидроресурслар, оқиб турган сувлар анчагина бемалол. Бизда бу нарсалар танқислиги сезилади. Биз газни қазиб олгач, уни фойдаланадиган ҳолга айлантириш учун яна бир марта ҳаракат қиламиз.
Бугунги кунда табиий газнинг фойдали коэффициентини ошириш, кичик газ поршн двигателли электр станциялар, микрогеслар қурилиш ишлари бошланган. Албатта булар ўзининг натижасини беради.
– Бу йил пойтахтда кутилмаган ҳолат, яъни электрда узилишлари кўп бўлди, подстанциялар ёниб кетди. Бунга сабаб нимада деб ўйлайсиз?
– Яқин йилларгача пойтахтимизда электр энергияси узилиб қолибди, деган сўзларни деярли эшитмасдик. Вилоятда яшайдиганлар пойтахтда электр ўчмайди, деб ҳавас қилишарди. Бу йил тамоман акси бўлди. Бунинг асосий сабабларидан бири Тошкент қурилишлар шаҳрига айланиб қолди. Янги иншоотлар қурилгани яхши, аммо энергияга талаб ошиши ҳам ҳисобга олиниши керак.
Газ объектларимизни яна бир карра кўриб чиқиб, улардаги камчиликларни тузатиш, модернизациялаш, керак бўлса, алмаштириш масалалари энергетиклар учун оддий ҳолат. Шу ишларни қилиш учун йил бошидан махсус буйруқлар чиқарилади, вазифалар белгиланади. Назоратнинг сустлиги, эътиборсизлик ёки маълум бир моддий қийинчиликлар сабабли шу ишлар якунига етмади. Биз иқлим ўзгариб, қиш бўлмайди, деган фикрга ишониб қолдик. Шундай пайтларда муаммоси бор объектлар кўриниб қолди. Ҳукуматимиз раҳбарлари бунга қараб турмади. Вилоятлардан мутахассислар жалб қилинди, техникалар олиб келинди, улар кечаю кундуз тўхтамасдан ишлашди ва бу ҳаракатлар ўзининг натижасини берди.
– Бу йилги муаммолар кейинги йилда такрорланмаслиги учун соҳа мутахассисларига қандай таклифлар берасиз?
– Аввало бу йилги муаммолардан сабоқ чиқаришимиз керак. Ўзимиз қанча электр энергия ёки газ ишлаб чиқара оламиз? Энг аввало шуни аниқлашимиз керак. Энергиямиз қанчага етади, агар етмаса, қайси муқобил жойдан олишимиз мумкин? Қайси қўшни давлатлар бизга энергия бериб тура олади? Шу каби масалаларни ҳал қилишимиз шарт.
Қолаверса, энергетика объектларининг ҳолатини қайта-қайта кўриб чиқиш зарур. Кескин модернизация бўлса ҳам, уларнинг ҳолатини маълум даражада ўзгартиришга тўғри келади.
Нигора Раҳмонова, Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА