Эндиликда пудрат ташкилотларининг рейтинги ишлаб чиқилади
Унда бир қатор ўзбек қурилиш компаниялари қатори туркиялик ишбилармонлар ҳам иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси” доирасида учрашув ташкил этилди.
Унда бир қатор ўзбек қурилиш компаниялари қатори туркиялик ишбилармонлар ҳам иштирок этишди.
– Компаниямиз тажрибаси ва лойиҳалари ўз юртимизда самарали амалиёт сифатида муносиб баҳоланади, – дейди Туркиянинг “Enterge” компанияси раҳбари Кемал Окумуш. – Замонавий тажрибамизни икки йилдан буён Тошкентдаги янги бинолар қурилишида ҳам қўллаб келмоқдамиз. Зеро, Ўзбекистон кўплаб соҳаларда, айниқса, қурилишда ҳам тараққиётнинг мутлақо янги босқичига ўтмоқда. Биз мана шундай муҳим бир жараёнда Ўзбекистон ва Туркия давлатлари алоқаларидаги дўстона ҳамкорлик ишларида иштирок этаётганимиздан фахрланамиз.
Қайд этиш керакки, 2020 йилда Қурилиш вазирлиги соҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида тизимни тўлиқ рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратади ва бу борадаги амалга оширилиши зарур бўлган ишларнинг аниқ режалари ишлаб чиқилган. Мисол учун, Ўзбекистон Республикасининг шаҳарсозлик бош режаси жорий йилнинг 1 мартидан ишга туширилади. Юртимизда иш бошламоқчи бўлган хорижий инвесторлар қаерда, қандай қурилиш ишларини олиб бориш мумкинлигини шу тизим орқали бемалол билиб олишлари мумкин бўлади.

Қурилиш назоратини тўлиқ рақамлаштириш, қурилиш экспертизасини рақамлаштириш кабилар билан бир вазирлик расмий сайтига қурилиш жараёни калкулятори жойлаштириш масаласи ҳам тадбир иштирокчиларига маълум қилинди. Бу нима дегани? Истаган киши, юртдошларимиз ёки хорижий инвесторлар ундан бемалол фойдаланиши мумкин. Мисол учун, Ўзбекистонда бирор бир объект қурмоқчисиз. Бунинг учун ишни нимадан бошлаш керак? Қандай жараёнлардан ўтилади? Қайси ҳужжатлар талаб этилади, ҳатто сарфланадиган маблағ ва вақт ҳажми ҳам унда аниқ кўрсатилган бўлади.
Шунингдек, тадбирда илғор давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда қурилиш ишларини тендерини ягона мукаммал порталини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам қайд этилди. 2020 йил июль ойига қадар ривожланган хорижий давлатлар мутахассис — консультантлари билан мукаммал тендер портали тайёрланади. Натижада Давлат дастурлари ягона портал орқали рақамли шаклда бўлади ва шаффофлик таъминланади.
Яна бир гап. Эндиликда пудрат ташкилотларнинг рейтинги ишлаб чиқилиб, уларнинг ишчи муҳандислари сифатини баҳоловчи рейтинг тизими яратилади. Унда ишчи муҳандисларнинг касбий билими, корхона бажарган ишлар кўлами, банкдаги ҳисоби ва шу каби омиллар ҳисобга олинади.