Жорий йилнинг 8 августида давлат ташкилотларида меҳнат қилаётган давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи ва уларнинг фаолиятини ягона қоидалар асосида тартибга солувчи «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Мазкур қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат. Унинг «Давлат фуқаролик хизмати соҳасида давлат бошқаруви», «Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми», «Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш» каби бобларида давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, одоб-ахлоқ қоидалари каби тушунчалари акс этган. Ҳужжат Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.
Хусусан, қонуннинг 5-моддаси «Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари» деб номланиб, унда давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги, қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш, давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги каби бандлар белгиланган.
Қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматини ўташда мазкур қонун билан тартибга солинмаган муносабатларга Меҳнат кодекси қўлланилади. Шунингдек, давлат хизматчиси тадбиркорлик билан шуғулланиши, уларнинг муассиси бўлиши, Ўзбекистондан ташқарида ҳисоб варақлар очиши, чет элда кўчмас мулк олиши таъқиқланади. Давлат хизматчилари учун 5 кунлик иш ҳафтаси ва ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланади. Давлат хизматчиларига 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб – Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди. Агентликнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари ҳам белгилаб берилди. Агентлик мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш борасида бир қатор вазифалар ва чора-тадбирларни белгилаб олди.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал этиш тартиби қонун билан белгиланган. Бирор ташкилотда манфаатлар тўқнашуви юзага келса, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилинса, манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган давлат органининг раҳбари ёки юқори турувчи орган ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўради. Бундан ташқари, қонунда ДФХ белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланади ва махсус ваколатли давлат органи томонидан юритилади. ДФХ лавозимларининг давлат реестри, шунингдек, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Эътиборли жиҳати шундаки, Ягона миллий меҳнат тизими идоралараро дастурий аппарат комплексига киритилаётган маълумотлар тўлиқлигини таъминлаш, вакант лавозимларни эълон қилишдан тортиб, танлов ўтказиш ва ишга қабул қилиш натижалари бўйича ҳужжатларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни тўлиқ электрон тарзда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали амалга оширишга қатъий риоя этиш талаб этилади. Кадрларни бошқариш, баҳолаш, масофавий ўқитиш ва ривожлантириш жараёнларини давлат фуқаролик хизмати ягона электрон ахборот таҳлил тизими таркибидаги платформалари (ilm.argos.uz, kadrlar.argos.uz, kpi.argos.uz, test.argos.uz) янада такомиллаштирилади.
Энг муҳими, эндиликда раҳбарликка ҳеч ким ўз-ўзидан ёки таниш-билиши орқали эмас, балки ҳақиқий салоҳияти, билими ва эгаллаган тажрибаси, эришган ютуғига қараб тайинланади. Шундай қилинса, жамиятнинг адолатлилик принципи ҳам ўз ўрнида таъминланган бўлади. Шу ўринда айтиш жоиз, энди яхши ишлаган ҳам, озроқ натижага эришганлар ҳам бирдек баҳоланмайди.
Келгуси йилдан давлат хизматчисининг тажрибаси, малакаси ва эришган натижасига қараб, рағбатлантириш тизими жорий қилинади. Уларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлат ҳисобидан суғурта қилинади. Ўз вазифасига ҳалол ва пок бажараётган давлат хизматчилари учун касалликни муносиб ўтказиш кафолатлари яратилади.
Давлат хизматчилари нафақат касбий, балки маънавий жиҳатдан ҳам бошқаларга ўрнак ва намуна бўлиши керак. Айниқса, унинг одоб-ахлоқи, ўзини тутиши, оддий аҳоли вакиллари билан мулоқот маданияти жамоатчилик назарида бўлишини унутмаслик лозим.
Айни пайтда Тошкент вилоятида ҳам мутасадди ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти тўғрисида тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда. Турли тақдимотлар, маъруза матнлари орқали тингловчиларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва вазифалари акс этган қонун ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, давлат хизматида узоқ йиллардан буён ўз ечимини топмаган тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун нормаларининг самарали ижросини таъминлаш орқали давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш соҳасида илғор халқаро стандартларга жавоб берувчи ягона тартибот тизими шакллантирилади. Энг муҳими, давлат фуқаролик хизматига малакали кадрларни фаол жалб қилинади.
Бунёд Саидхожаев,
Тошкент вилояти қурилиш бош бошқарма
бошлиғи ўринбосари – вилоят
бош архитектори