Тошкент вилояти Янгийўл туманида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига янги уй-жойлар топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда шаҳар ҳокимлиги масъуллари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар қатнашди.
Мамлакатимизда Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ва мустақил ҳаётга қадам қўйган чин етимлар ҳам давлат томонидан уй-жой билан таъминланиб, жамиятда ўз ўрнини топиши учун шароит яратилмоқда. Шаҳарда ўрганишлар давомида 33 нафар Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг уй-жойга муҳтожлиги аниқланган эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 2022 йилнинг ноябр ойида 18 нафари уйли бўлган бўлса, куни кеча яна “Янгибоғ” маҳалласи ҳудудида қурилган янги кўп қаватли уйларнинг 8 та хонадони Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига барча қулайликларга эга, жиҳозланган ҳолда тантанали топширилди. Қолган 7 нафари ҳам ўтган йилларда турар-жойлар билан таъминланганди.
Мазкур ишлар учун давлат маҳаллий бюджетидан жами 5,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, 1 ва 2 хонали хонадонлар доимий яшаш ва эгалик қилиш ҳуқуқи билан тақдим этилди.
А.Мусаев, ЎзА