Дунёда аҳоли сонининг йил сайин ўсиб бориши, экин ерлари ва сув ресурсларининг чекланганлиги, айниқса, глобал иқлим ўзгариши ва табиий офатлар натижасида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш энг долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш ҳамда бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлашда томорқа ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланиш нақадар муҳимлиги барчамизга маълум.
Сўнгги йилларда томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинди, баъзи қонунларга ўзгартириш киритилиб, такомиллаштирилди. Натижада ердан самарали фойдаланган томорқа ер эгаларини рағбатлантириш механизми жорий этилди.
«Томорқа хўжалиги тўғрисида» қабул қилинган янги таҳрирдаги қонун билан томорқа эгасига мустақил даромад олиш учун янада кўпроқ эркинлик берилди. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳуқуқшуноси Зафар Мустафақулов қонуннинг аҳамияти, томорқа эгаларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида сўзлаб берди.
– Томорқа хўжалиги тушунчасига изоҳ бериб ўтсак, – дейди З.Мустафақулов.
– Бу шахсий томорқа ер участкаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин савдо ва оила эҳтиёжлари учун етиштириш (қайта ишлаш) билан боғлиқ меҳнат фаолиятидир. Томорқа хўжалиги тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ва давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди. Эътиборли томони, томорқада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш (қайта ишлаш) бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил равишда амалга оширувчи шахс аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олиши мумкин. Шунингдек, шахсий томорқа ер участкасида етиштирилган (қайта ишланган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хусусий мулки ҳисобланади.
Аслида ҳам ер участкаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ёхуд якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш мақсадида ажратилади. Албатта, томорқа эгаларининг ҳам ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Шахсий томорқа эгаси уни эркин ва мустақил равишда бошқаради, етиштирилган, қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин реализация қилади, ўзи мустақил равишда нарх белгилайди ва олинган даромадларини ўзи хоҳлагандек ишлатади.
Иссиқхоналар ташкил этиш, уруғликлар, кўчатлар, чорва моллари ҳамда паррандалар, қишлоқ хўжалиги ашё-анжомлари ва ускуналари, суғориш қурилмалари (насослар, артезиан қудуқлар ва бошқаларни) сотиб олиш учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, жумладан, имтиёзли кредит, субсидия ва бошқа преференциялардан фойдаланиши мумкин.
Томорқачи агрокластерлар билан ҳамкорлик қилиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативлари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига ихтиёрий равишда аъзо бўлиши мумкин.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши шахсий томорқа ер участкалари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тайёрлов, таъминот ва хизматлар кўрсатиш ташкилотлари билан ўзаро муносабатларда ҳимоя қилади.
Албатта, ҳуқуқ бор жойда мажбурият ҳам бўлади. Томорқачи ерлардан оқилона фойдаланиши, ерига қишлоқ хўжалиги экинларини экиши ва ободонлаштириши, тупроқ унумдорлигини сақлаши, ошириши, сувдан тежаб фойдаланиши, у-жой қуриш ҳуқуқисиз ажратилган ер участкаларида бино ва иншоотлар қурмаслиги лозим.
Яхши хушхабар, энди томорқадаги меҳнат ҳам иш стажига қўшилади. Бунда майдони камида 0,04 гектар бўлган шахсий томорқада банд бўлган, мазкур майдонда шохли қорамол ёхуд камида эллик бош парранда боқаётган ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Бунда шахсий томорқа ер участкасининг эгаси ёки унинг оила аъзолари ижтимоий солиқни ихтиёрий асосда тўлайди. Ижтимоий солиқнинг белгиланган миқдорини тўлаш меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш чоғида бир календарь йил, деб ҳисобга олинади.
Аслида ҳам янги қонуннинг қабул қилиниши, томорқа хўжалигини юритувчи ер эгаларига кўплаб имтиёз ва имкониятлар берди, томорқа хўжалигини янада ривожлантириш, ҳеч кимга қарам бўлмаган ҳолда эркин фаолият юритиш ва даромад олиш имкониятини яратмоқда.