Энди сувдан беҳуда фойдаланилмайди...
Президентимиз Мурожаатини телевидение орқали катта қизиқиш билан тингладик.
Президентимиз Мурожаатини телевидение орқали катта қизиқиш билан тингладик. Мурожаатда жамиятимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, юртимиз равнақи билан боғлиқ жуда кўп масалалар юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди. Энг асосийси, Мурожаатнинг бош мақсади “Ҳамма нарса инсон ва унинг манфаати учун” деган ғоя билан суғорилганлиги бутун халқимизни беҳад қувонтирди.
Мурожаатда Президентимиз Вазирлар Маҳкамасига “Сув хўжалигини ривожлантириш Концепцияси” лойиҳасини жорий йилнинг 1 апрелига қадар киритиш топшириғини берди. Ушбу Концепцияда сув тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳамда сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнини, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизимини автоматлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда тобора глобал аҳамият касб этиб бораётган сув масаласи, хусусан, сувдан фойдаланиш бўйича тежамкор технологияларни жорий этиш, сувни бошқаришнинг автоматлашган тизимини яратиш бўйича концепция ишлаб чиқиш ҳақидаги вазифа сув хўжалиги соҳаси мутахассиси сифатида дилимдаги гап бўлди.
Сир эмаски, экинларни суғоришда деҳқонлар даланинг боши ва охирида намликни бир хил таъминлаш мақсадида сувни бир неча суткалаб оқизиб, пайноб орқали зовурларга туширишга одатланган. Ерлар бу тартибда суғорилганда тупроқнинг бир неча минг йиллар давомида шаклланган унумдор қатлами сув билан ювилиб, зовурларга оқиб кетади. Бу каби салбий ҳолатларга барҳам бериш учун Президентимиз таъкидлаганидек, сув тежовчи илғор технологиялар, хусусан, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бу билан нафақат сув ресурсларни иқтисод қилишимиз, балки тупроқ эрозиясининг олдини олиш ҳамда ҳосилдорликни янада ошириш мумкин.
Ишонаманки, Мурожаатдан сўнг мамлакатимизда сувни автоматик тарзда бошқариш бўйича концепция ишлаб чиқилади, сув ресурсларидан оқилона, унумли ва самарали фойдаланишга қаратилган ишлар янада юқори босқичга кўтарилади.
Шуҳратжон ЭРГАШЕВ,
“Норин-Қорадарё” ирригация
тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари