Ветеринария ва чорвачиликини ривожлантириш давлат қўмитаси масъуллари ва Хитой Халқ Республикаси Божхона бош маъмурияти вакиллари ўртасида видеоконференция шаклида мулоқот бўлиб ўтди.
Унда Ветеринария ва чорвачиликини ривожлантириш давлат қўмитаси ва Хитой Халқ Республикаси Божхона Бош маъмурияти ўртасида 2019 йил 27 августда Пекинда имзоланган Ўзбекистондан Хитойга экспорт қилинадиган асал бўйича текширув, карантин ва ветеринария талаблари борасидаги битимга оид масалалар муҳокама қилинди.
Онлайн муҳокамада мамлакатимиздан Хитойга экспорт қилиниши кутилаётган асал сертификати чинлик мутахассислар томонидан тасдиқлангани, шунингдек юртимизнинг олти нафар асал ишлаб чиқарувчи субъекти муваффаққиятли тарзда Хитойга асал юборувчи компаниялар рўйхатидан ўрин олгани қайд этилди.
Аҳамиятлиси, ушбу корхоналар мазкур битим талаблари асосида асал ва асал маҳсулотларини экспорт қилишга тегишли рухсат олди.
Муҳокамалар давомида Хитойга асал экспорт қилмоқчи бўлган бошқа истиқболли компанияларни тегишли тартибда рўйхатдан ўтказиш борасида ҳам келишилди.
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш давлат қўмитаси
Ахборот хизмати