Энди ичимлик сувдан муаммо бўлмайди
Президентимизнинг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, шу жумладан, сув ресурсларини тежаш борасида қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур топшириқлар ижросидан Янги Наманган тумани Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласи ҳудудидаги Саховат кўчасида сиғими 4000 минг куб бўлган “Бўстон сув узатиш иншооти” барпо этилди. Етти ой давом этган қурилиш ишлари натижасида аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи тўлақонли қондирилди.


Аҳамиятлиси, дастур доирасида Д-500 мм. бўлган 128 метр масофадаги сув тармоғи ҳам янгиланди. Натижада, ҳудуддаги 2 минг 858 хонадон, 17 мингдан ортиқ аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Бундан ташқари, 905 та хонадон ёки 4050 нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланмоқда.


Мазкур иншоот тумандаги Мингтерак, Ахсикент ва Мустақилликнинг беш йиллиги маҳаллалари аҳолисига сифатли ичимлик сувини узлуксиз етказишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Янги Наманган тумани Ёшлик маҳалласи ҳудудида жойлашган “Мустақиллик сув узатиш иншооти” ҳам қайтадан таъмирдан чиқарилди. Ушбу иншоотдаги мавжуд 1000 куб сиғимга эга сув ҳовузи реконструкция қилиниб, қўшимча яна 1000 куб сиғимга эга янги ҳовуз қурилди.

Иншоот ишга тушиши, тумандаги Ёшлик маҳалласининг Ҳумо, Сарбон, Тараққиёт, Достон, Исломобод кўчалари ва Мустақилликнинг беш йиллиги маҳалласининг Юксалиш, Ойсара, Офарин кўчаларидаги 5 минг 500 га яқин аҳолисига чинакам туҳфа бўлди.
Янги сув иншоотларининг очилиш маросимларида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.