Жуда мураккаб кечаётган кабиса йилимиз барча соҳалар каби оммавий ахборот воситалари, айниқса газеталар таҳририятлари муаммоларини кескинлаштириб юборди.

Коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган транспорт ҳаракати чекловлари, шунингдек газета ва журналлар савдосига ихтисослашган киоскларнинг узоқ муддат ёпилиши чоп этилган нашрларни обуначиларга ва ўқувчиларга ўз вақтида етказиб берилишига тўсиқ бўлди.

Ана шу кутилмаган фавқулодда ҳолат вазиятисиз ҳам йилдан-йилга ададлари камайиб бораётган газеталар таҳририятларининг молиявий аҳволи янада абгорлашди. Чунки уларнинг чакана савдо тушумларидан ташқари рекламадан олаётган даромадлари ҳам ниҳоятда камайиб кетди. Чунки реклама берувчилар ҳам ўта мураккаб молиявий инқирозни бошидан кечираётганлари яхши маълум.

Оқибатда қатор, ҳатто партияларнинг, вилоят ва шаҳар ҳокимликларининг газеталари ҳам чиқмай қолди. Тўғри, уларнинг аксарияти ўз нашрларини электрон тарзда тақдим этишни давом эттирмоқдалар. Аммо минглаб ўқувчилар қўлларига газета олмасликларига одатланиб ҳам қолдилар.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисини интернет билан қамраб олиш 97 фоизни ташкил этгани, уларнинг 78 фоизи кенг зонали мобил интернетдан фойдаланиш имкониятига эгалигига қарамасдан, газеталарнинг электрон шаклининг ўқувчилари кўп сонли эмас. Яъни журналистларнинг машаққатли ижодий меҳнатлари маҳсули унинг истеъмолчиларига кутилган даражада етиб бормаяпти.

Умуман, интернетнинг ҳар бир хонадонга кириб бораётганлиги туфайли кундалик босма нашрларнинг узил-кесил инқирозга юз тутиши муқаррарлиги тўғрисидаги башоратлар мана ўн йилдан кўпроқ вақтдан бери қизғин мунозаралар мавзусига айланган. Айниқса, COVID-19 пандемияси бу муаммо юзасидан долзарб амалий аҳамият касб этди.

Очиқ маълумотлардан мамлакатимизда 2020 йил бошида чиқиб турган газеталарнинг нечтаси қоғоз шаклида нашр этилиши тўхтатилганлигига ойдинлик киритиш имконияти топилмади. Аммо бу фақат Ўзбекистонга эмас, балки бутун дунё учун хос хусусият эканлиги аён.  

Масалан, Россияда кейинги ўн йилда (2009-2019) даврий босма нашрларининг  сони 40 фоизга камайган – 72 498 тадан 47 883 тага тушиб қолган. Бу нашрлар таҳририятларининг даромадлари йилига 8-10 фоизга пасайиб бормоқда. Шунингдек, Умумжаҳон газета ва ахборот-ноширлик ассоциацияси (WAN-IFRA) маълумотларига кўра, кейинги беш йил давомида АҚШда газеталарнинг адади - 34, Франция ва Буюк Британияда – 31, Германияда – 24 фоизга камайган. Туркияда кейинги ўн йил давомида таҳририятлар ўз ўқувчиларининг тахминан ярмини йўқотди: мамлакатдаги газеталарнинг умумий адади 2,24 миллиард нусхадан 1,18 миллиард нусхага тушиб қолди.

Қозоғистон Журналистика академиясининг академиги Асилбек Бисенбоевнинг фикрича, 2020 йил охиригача мамлакатдаги босма ОАВларнинг 40 фоизи ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади. Фақат давлат ҳамда олигархлар гуруҳлари томонидан молиялаштирилаётган газеталаргина сақланиб қолади.

- Коронавирус – ҳафталик “муқобил” (яъни бепул) газеталар учун энг қудратли қурол бўлди, - деб ҳисоблашмоқда Гарвард университети ҳузуридаги Журналистикани ривожлантириш бўйича Ниман жамғармаси тадқиқотчилари. – Бундай газеталар АҚШ ва Канаданинг деярли ҳар бир йирик шаҳрида чиқиб турган эди. Улар фақат реклама ҳисобига кун кўрарди ва асосан маҳаллий янгиликлар, маданий ҳаёт ҳақида ёзишарди, журналистлар суриштирувларини олиб боришарди. Уларнинг муаллифлари кўп марта журналистика соҳасида АҚШнинг нуфузли Пулитцер мукофотига ҳам сазовор бўлганлар. Аммо пандемиядан кейин улар ўз фаолиятларини тиклай олишлари амри маҳол, чунки йирик ҳомийлари ҳам, қора кунга мўлжаллаб сақлаб қўйган сармоялари ҳам йўқ.

Бозор иқтисодиёти – бешафқат. Бу бозорда, шу жумладан оммавий ахборот воситалари бозорида ҳам кучлилар (молиявий жиҳатдан, долзарблик, инновациялар, тезкорлик асосида) устун чиқади. Ана шу мезонлар нуқтаи назаридан ёндашиладиган бўлинса, миллий даврий босма нашрларимиз ўз фаолиятларини давр талабига ҳамоҳанг тарзда тубдан ўзгартиришда, фикримизча, сусткашлик қилаётганлари яққол сезилиб қолди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шу муаммоларни шу йил матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида ҳам кўрсатиб берди: “Албатта, бугун биз ҳамма соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида ҳам изланишдамиз. Бинобарин, бу йўлда ютуқлар билан бирга, камчилик ва нуқсонлар бўлиши ҳам табиийдир.

Бу ҳақда гапирганда, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда”.  

Даврий босма нашрлар янгиликлар, ҳодиса ва воқеаларни ўша заҳотиёқ, тўғрида-тўғри ўз ўқувчисига етакзиб берадиган Интернет билан тезкорликда беллаша олмаслиги аниқ. Аммо ҳанузгача газеталаримиз саҳифаларида кўпинча ҳаммага аллақачон маълум бўлган ахборотларга дуч келаверасиз. Бундай материалларни газетхонга тақдим этавериш билан улар ишончини қозониш қийин. Шу сабабли айрим ўқувчилар газетани ўқиб чиқишим учун сарлавҳаларни кўздан кечиришим кифоя қилади дейишлари бежиз эмас.

Шундай экан, мамлакатимизда даврий босма нашрларнинг ҳозирги мураккаб муаммоларини қандай ҳал этиш, газеталарнинг эртанги кундаги тақдири хусусида нима дейиш мумкин. Агар яна хориж тажрибасига мурожаат қилинадиган бўлса, бевосита коронавирус пандемияси вазиятида даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш бўйича эътиборга сазовор мисолларни келтириш мумкин.

Канада маъмурлари давлат бюджетида оммавий ахборот воситаларида реклама учун кўзда тутилган 40 миллион долларнинг 30 миллионини миллий газеталарда қўшимча рекламалар эълон қилиш учун сарфлади.

Италия ва Испания ҳукумати коронавирус пандемияси сабабли қатъий карантин эълон қилинган даврда ҳам газета ва журналлар савдосини аҳоли учун биринчи даражали эҳтиёж деб ҳисоблаб, улар киоскларини ёпиб қўйишмади.

Ўзбекистонда ҳам даврий босма нашрлар ўз ўқувчиларига вақтида етиб бориши учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон почтаси” акциядлорлик жамиятининг бош директори Aлишер Файзуллаев қуйидагиларни маълум қилган:

- Газета етказиш — бу маърифат, маънавият етказиб бериш демак. Ўн кундан кейин, бир ойдан кейин қўлга етиб борган газета ҳеч кимга керак эмас. Вақтида етказиб бериш керак, бу долзарб масала. Бу соҳада ҳам ўзгаришлар бўлиши режалаштирилган, марказлаштирилган тизим бўлади.

Почта, шунингдек, матбаа нашрлари учта ҳудуд - Термиз, Урганч ва Нукусга самолётда етказилади. Қолган вилоятларга машинада етказилади, кечаси чиқиб кетади, эрталаб боради.

Яқин-яқингача келган почта кейин туман марказига пешингача етиб борарди. Туман марказидан алоқа бўлимига олиб бориб, эгасининг қўлига етказилгунича эртаси куни бўлиб кетиши мумкин эди.

Энди биз босма даврий нашрларни туман марказидан тўғридан-тўғри етказиб беришни режалаштирганмиз. Матбуот нашрларини етказиб беришни тезлаштириш мақсадида уларни обуначининг манзилига марказлашган ҳолда амалга оширишни такомиллаштириш бўйича электроскутерлар ва велосипедлардан фойдаланиш мўлжалланган. Ушбу тажриба айни пайтда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида синовдан ўтказилмоқда. 2021 йилдан бошлаб газета ва журналлар бутун мамлакат бўйлаб шундай тартибда етказилади.

Шаҳар жойларида автоматик почтомат қурилмаларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Олдин, жумладан тўққиз қаватли уйга кираверишда почта қутиси бўларди, газета шунинг ичига солиб кетиларди. Ҳозир улар йўқ. Почта хизматчилари тўққизинчи қаватгача чиқади, эшигингизни тақиллатади, ҳеч ким очмагандан кейин қайтиб кетади ёки эшигингиз тагига қўйиб кетса, биров кўтариб кетиши мумкин бўларди.

Энди эса ўша жойларда почтомат қурилмалари ўрнатиш режалаштирилган. У аввалги почта қутисидан фарқ қилади. Қурилма катта курьерлик жўнатмалари учун ҳам мослаштирилган. Почтоматни фақат махсус пароллар билан очиб олиш мумкин бўлади.

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти бу йил веб-сайтида онлайн обуна бўлиш имкониятини ҳам яратган. Обунага тўловни “Payme" тўлов тизими орқали масофадан туриб амалга ошириш мумкин.

Даврий босма нашрлари ахборот-коммуникайия технологиялари жадал ривожланаётган бугунги кунда ОАВ бозорида рақобатбардош бўлишлари учун, афтидан, ўз шаклларини ўзгартиришлари талаб қилинмоқда. Пандемия ҳолатига қарамасдан, масалан, “Даракчи” ҳафталиги ва унинг иловалари ўз фаолитятларини муваффақиятли давом эттирмоқдалар.

Газеталар янгиликлар, хабарлар ва воқеаларни ўз ўқувчиларига етказиб беришда интернет билан рақобатбардош бўла олмас экан, нашр этиш шаклини ҳафталикка ўтказиш, эҳтимол тўғрироқ бўлар. Бу ҳолда журналистлар газетхонларга эскириб бўлган кечаги кунги воқеа-ҳодисаларни эмас, балки обуначиларини қизиқтира оладиган долзарб, қизиқарли, таҳлилий, публицистик материалларни тақдим этиш имкониятига эга бўлишлари мумкин.

Умуман, даврий босма нашрлари муайян соҳага ихтисослашиши мақсадга мувофиқ бўларди, деган фикрдамиз. Жумладан, мамлакатимизда халқаро мавзулар чуқур ва кенг ёритиб бориладиган нашрга эҳтиёж бор, деб ўйлаймиз. Ёки миллионлаб автомобиль эгалари бор юртимизда бевосита уларни қизиқтира оладиган махсус автоҳаваскорлар ҳафталик газетасининг истиқболи йўқ, деб ўйлайсизми? Ҳудди шунингдек томорқа хўжаликлари учун ҳафтанома нашр этилсачи? Бу рўйхатни анча давом эттириш мумкин.

Яъни айтмоқчимизки, газеталардан яқин-орада воз кеча олмаймиз. Ҳамма гап журналистларимизнинг бугунги кун воқелигига ҳамнафас бўлишида қолган.  

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Энди газета ўқимаймизми?..