Ўзбекистон Республикаси фуқароларига анъанавий тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини баҳолаш учун интерактив BAHO.GOV.UZ портали ишлаб чиқилди ва ишга тушди.
Эндиликла мазкур портал орқали давлат хизматига берган баҳонгизни қолдиришингиз мумкин.
Мазкур портал ҳукумат Акселератор гуруҳи Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ташкил этилди.
Акселератор барча ресурсларни мустаҳкамлаш, зарур сиёсат ва қоидаларни ишлаб чиқиш орқали 100 кун ичида стратегик мақсадларни амалга оширишда асосий муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун ишчи гуруҳ тузди.
Гуруҳга Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазирлиги, Адлия вазирлиги, “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси, UZINFOCOM, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги вакиллари киритилди.
Дастлабки босқичда Акселератор гуруҳи бугунги кунда Ўзбекистонда фуқароларнинг бевосита фуқаролар билан ишлайдиган вазирликлар ва идоралар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан қониқиш даражасини баҳолашнинг ўзига хос механизми йўқлигини аниқлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фармойишига мувофиқ Акселератор олдига фуқароларнинг давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан қониқиш даражасини ўлчаш тизимини яратиш вазифаси қўйилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, топшириқни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини аниқлаш бўйича хорижий давлатлар – Канада, Россия, Қозоғистон, БАА тажрибалари ўрганилди.
Мазкур тизимга мувофиқ барча фуқаролар давлат хизматларини баҳолаши мумкин. Йил якуни бўйича энг яхши ва энг самарасиз ишлайдиган 3 та вазирлик ва идора аниқланади.
Натижага тўхталадиган бўлсак, ўрганилган хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Акселератор гуруҳи томонидан давлат хизматларидан фуқароларнинг қониқиш даражасини ўлчайдиган портал – BAHO.GOV.UZпортали концепцияси ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.
Энг муҳими, фуқаролар 5 та мезон бўйича махсус QR-код ёрдамида ушбу портал орқали давлат хизматлари тўғрисида (1-5 гача тизимда) ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириши мумкин.
BAHO.GOV.UZ порталига бугунги кунда Тошкент шаҳридаги жами 223 та муассаса уланиши таъминланди ва уларга махсус QR-кодлар ўрнатилди: 44 та ИИВ тизимидаги муассаса(паспортни ID картага алмаштириш, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, автотранспорт воситасига давлат рақами олиш марказлари), 167 та ССВ тизимидаги муассаса (республика даражасида илмий-амалий тиббиёт марказлари оилавий поликлиника ҳамда касалхоналар), 12 та “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг филиаллари (электр таъминот корхоналари).
Яна бир муҳум янгилик: жорий йилнинг 6 октябрь санасига BAHO.GOV.UZ платформасидаги барча баҳолашлар сони 1490 тани, шундан ижобий баҳолар 1229 тани, ўртача баҳо 4,3 ни, салбий баҳолар эса 261 тани ташкил қилди.
Марказ экспертлари фуқаролар томонидан қўйилган салбий баҳолар тегишли давлат органлари раҳбарларига мавжуд ҳолатни чуқур кўриб чиқиб, таҳлил қилиш ва тегишли чоралар кўриш учун жиддий сигнал, деб ҳисоблашади.
Буни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқаролар берган баҳо баҳоланаётган давлат органининг умумий рейтингига таъсир қилади. Давлат идорасига берилган баҳолар қанчалик кўп бўлса, уни баҳолаш натижалари шунчалик объектив бўлади. Фойдаланувчилар томонидан берилаётган баҳолар платформада онлайн тарзда акс этиб боради.
–Исталган шахс маълум бир давлат органи рейтингини кузатиши мумкин. Бу эса мазкур платформа учун жамоатчилик назоратининг самарали воситаси бўлиб шаклланишига хизмат қилади. Рейтингнинг пасайиши баҳоланётган давлат идораси ходимлари ва раҳбарияти учун салбий огоҳлантириш бўлиб ҳисобланади. Ўз навбатида, рейтинги пасаётган давлат идоралари мазкур идорадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун тегишли чораларни кўриши керак бўлади, –дейди Акселератор гуруҳи раҳбари Муҳаммаджон Бобожонов.
Юқоридагиларни инобатга олиб, фуқароларимизни ва барча жамоатчилик ва ОАВ вакилларини, шунингдек, блогерларни мазкур тизимдан аҳолини янада кўпроқ хабардор қилишга ва кўпроқ фойдаланишга чақириб қоламиз.
Платформа фаолиятини янада такомаллаштириш бўйича фуқаролардан таклиф бўлса, m.babadjanov@cerr.uz электрон почта манзилига юбориши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА