Қашқадарё вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи Бобур Язданов иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айни шу мавзуда фикр алмашилди.
Бугунги кунда чиқиндиларни олиб кетиш ва ушбу хизмат кўрсатилгани учун тўлов масаласи долзарблигича қолаётгани бор гап.
Масалан, вилоятдаги 14 та туманда 11 та давлат хусусий шерикчилиги асосида санитар тозалаш корхонаси, вилоят маркази Қарши шаҳрига хизмат кўрсатувчи “Қашқадарё Эко транс” МЧЖ, Нишон тумани “Нуристон” шаҳарчасига хизмат кўрсатувчи “Нуристон тозалаш” хусусий корхонаси ташкил этилган бўлиб, хизматлар кўрсатиб келинмоқда.

Ушбу санитар тозалаш корхоналарига тасарруф этиш учун 242 та махсус техника, 17 та полигон, 95 та чиқинди тўплаш шохобчаси 2 та автотураргоҳ, 473 та контейнер ва 70 та термопринтер фойдаланишга топширилган.
Ҳозирги кунда мазкур санитар тозалаш корхоналари томонидан вилоятдаги 732 та (89%) МФЙ, 2 миллион 498,063 минг нафар аҳоли ушбу хизматлар билан қамраб олинган. Бу кўрсаткич хусусий сектор улушига тўғри келади. Мазкур корхоналар томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳарактларга қарамасдан, хизматдан фойдаланувчи абонентлар томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ўз вақтида тўланмаслиги корхоналар молиявий фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг иқтисодий аҳволи ночорлашувига – моддий таъминот (ёқилғи, эҳтиёт қисмлар, ишчи-ходимлар иш ҳақи) масалалари ёмонлашуви, техникалардан фойдаланиш кўрсаткичлари пасайиб кетишига олиб келмоқда.

Хусусан, ўтган 2023 йил бошида абонентлар зиммасида дебитор қарздорлик 36,187 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2023 йил охирида бу кўрсаткич 57,724 миллиард сўмни ташкил этган, ёки 21,537 миллиард сўмга ошиб кетишига йўл қўйилган. Бунинг асосий сабаби эса аҳоли томонидан тўловларнинг ўз вақтида тўланмаслиги ёки санитар -тозалаш корхонлари томонилан кўрсатилаётган хизматлар ҳақининг 40-45 фоизига тўғри келадиган ундирувлар амалга оширилаётганлигидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги муаммоларнинг олдини олишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Унга кўра эндиликда қарздорлик вужудга келганлиги тўғрисида олдиндан электрон тўлов тизимлари орқали огоҳлантирилгандан кейин тўловлар амалга оширилмаган тақдирда абонентлар чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмаганига қадар уларнинг электр энергияси учун тўловлар қабул қилишни вақтинчалик чеклаш амалиёти йўлга қўйилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири