Энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бор
“Инсон қадри учун” тамойили бугун ҳукумат сиёсатининг бош мезонига айланди. Давлатимиз раҳбари бошлаб берган бу ташаббус асосида қанчадан қанча қийналган хонадонларга ёрдам қўли чўзилмоқда, ечимини кутиб ётган узоқ йиллик муаммолар ҳал этилмоқда, ўксик қалбларга қувонч улашилмоқда.
Рамазон Ҳайити муносабати билан “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ва ташаббускор “Озод Ибрат Капитал Қурилиш” хусусий корхонаси томонидан Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида кам таъминланган ва ногиронлиги мавжуд 31 та оилаларга янги хонадонлар ҳадя қилинди.
Фуқароларга туманнинг Мустақиллик маҳалласида қурилган кўп-қаватли уйлардан замонавий 23 та хонадон ва Қоракўл маҳалласи Машъал массивида 8 та 2 сотихли намунали ҳовли берилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирок этиб, хонадон калитларини ўз эгаларига тантанали топширди. Шунингдек, вилоят раҳбари ташаббускор ҳомийларнинг меҳнатини алоҳида эътироф этган ҳолда ўз миннатдорчилигини билдирди ва муносиб тақдирлади.
Ғузор тумани Қоракўл маҳалласи Тахам қишлоғида яшовчи фуқаро Ойзият опа Ҳоллиева 2012 йилда турмушидан ажрашгандан сўнг руҳий тушкунлиги сабаб 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолган. Яшашга бошпанаси бўлмаган Ойзият опа укасига тегишли 1 хонали уйда 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан яшаб келаётган эди. Ҳомийлар томонидан берилган уй-жой ва бошқа кўрсатилган ёрдамдан унинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Қувонч кўз ёшларини яшира олмаган Ойзият опа фақат шукрона келтириб, барчага миннатдорчилик билдиради.
[gallery-22604]
– Жуда қийин аҳволда яшардик, – дейди Ойзият Ҳоллиева. – Ёғингарчилик пайтлари томимиздан томчи ўтарди. Икки нафар ўғлим ҳали вояга етмаган. Ўзим иккинчи гуруҳ ногирони бўлганим боис қўлтиқтаёқда юраман. Бизга янги хонадон ажратилгани ҳақида хабар келганида, очиғи қувончдан йиғлаб юбордим. Энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бор. Ҳаётимиз тубдан ўзгарди. Сўнган умидларим қайта уйғонди. Бу каби хайрли ишнинг бошини тутганлардан бир умр миннатдорман. Биз каби эҳтиёжманд инсонларга эътибор бериб, ғамхўрлик қилаётган Юртбошимизга ташаккур.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбири