Элит ОЧЛ: “Пахтакор”ни жиддий синов кутмоқда
Футбол бўйича Осиё Элит чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичидан ўрин олган "Истиқлол" - "Ал-Наср" ва "Ал-Васл" - "Ал-Садд" клублари ўртасидаги ўйин кескин ва муросасиз ўтди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, "Ал-Васл" майдонида ўтказилган ўйиннинг 3-дақиқасида мезбонлар ҳисобни очди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди. Иккинчи бўлимнинг 68-дақиқасида Ал Язиди Акром гол уриб, "Ал-Садд"ни мағлубиятдан қутқариб қолди.

Энди бу жамоалар ўртасидаги жавоб баҳси 10 март куни Қатарда бўлиб ўтади.
Нимчорак финал доирасидаги "Истиқлол" - "Ал Наср" учрашувида ҳисоб очилмади ва мазкур тур ғолиби 10 март куни Саудия Арабистонида аниқланадиган бўлди.
Бугун, 4 март куни Элит ОЧЛ мусобақасининг нимчорак финал учрашувлари доирасида “Пахтакор” – “Ал-Ҳилол” ҳамда “Ал-Райан” – “Ал-Аҳли” жамоалари ўзаро рақобатлашади.

Пойтахтимиздаги “Жар” стадионида ўтадиган “Пахтакор” – “Ал-Ҳилол” учрашуви олдидан ҳар иккала жамоа ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим кўрдик.
“Пахтакор” ва “Ал-Ҳилол” жамоалари Осиё чемпионлар лигасида энг кўп қатнашган клублар ҳисобланади. Жамоалар айни пайтга қадар 8 марта тўқнаш келган. Улардан 5 тасида “Ал-Ҳилол” зафар қучган бўлса, 3 беллашув дуранг билан якунланган. “Пахтакор” ўзаро ўйинларда 5 тўп киритган бўлса, рақиб 15 бор гол урган.
Статистикага асосан, “Ал-Ҳилол” пойтахтимиз клубидан анча яхшироқ натижага эга эканини кўришимиз мумкин. Бироқ, ушбу маълумотлар тарихга айланган. Умид қиламизки, жорий мавсумда ўз таркиби ва ўйин услубини янгилаган “Пахтакор” клуби бугунги баҳсда мухлисларимиз узоқ кутган ғалабага эришади.
Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” ҳамда “Ал-Ҳилол" жамоалари ўртасидаги ўйин махаллий вақт билан соат 21:00да бошланади. Жавоб учрашуви 11 март куни Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА