Электрон савдо платформаси – инсон омилисиз очиқ танлов
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг жойлардаги ижроси ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали сотиш тартиб-тамойилларининг қай тарзда амалга оширилаётгани билан танишиш мақсадида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятига пресс-тур ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари дастлаб Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармасида Президент қарорининг ижроси ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини “YERELEKTRON” AAT орқали “E-auksion” электрон савдо платформасига жойлаш тартиби билан таништирилди.
– Бугунги кунда электрон савдоларга чиқарилаётган ер участкалари ҳудуднинг бош режаси мавжуд бўлса мулк ҳуқуқи билан сотувга чиқарилмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиқ ўринбосари Яшнар Давронов. – Бунинг тадбиркорлар учун қулайлиги ер харидини амалга оширгач фаолият учун зарур бўлган кредит расмийлаштиришда ундан гаров таъминоти сифатида фойдаланиш мумкинлигидир. Шунингдек, ер жойлашган ҳудуднинг бош режаси бўлмаган тақдирда ижара ҳуқуқи билан олинган ер участкасида амалга оширилган қурилиш ишларидан сўнг, тегишли тартибда мулк ҳуқуқи берилади. Айни пайтгача вилоят миқёсида 3200 та ер участкаси электрон савдога қўйилган. Улардан 45 таси аукцион савдоларига чиқарилди. Бугунги кунгача тўртта ер майдони сотилди. Тез орада яна 400 та ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилади.
– Давлатимиз раҳбарининг “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича вилоятимизда бир қатор чора-тадбирлар белгиланган, - дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармаси мутахассиси Муроджон Ўроқов. – Жумладан, қарорнинг 1-иловасида 2 та автосаноат тизимидаги жамиятларининг давлат улушлари ҳамда 2-иловадаги 127 та давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарнинг бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ҳамда носоҳавий бўлган бинолари хусусийлаштирилиши белгиланган. Бугунги кунда 29 та давлат активлари 44,7 миллиард сўм бошланғич нархларда аукцион платформага жойлаштирилган.
[gallery-6870]
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг март-апрель ойларида 9 та давлат активи 4,5 миллиард сўмга сотилди. Йирик ва ўрта миқёсдаги давлат активларини хусусийлаштиришдан жорий йил 1 июлга қадар 50 миллиард сўм, йил охирига қадар қарийб 200 миллиард сўм давлат бюджетига тушум таъминланиши режалаштирилган.
Иштирокчилар пресс-тур давомида “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали инвестор “RENT SERVICE GROUP” МЧЖ томонидан сотиб олинган Жомбой туманидаги собиқ пилла қурти боқиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси бино-иншоотларида амалга оширилган инвестиция лойиҳаси ҳамда инвестор “PUSKARON KELAJAK TONGI” хусусий корхонаси харид қилган Самарқанд шаҳрида жойлашган собиқ 53-мактабнинг бўш турган бино-иншоотларининг бугунги кундаги ҳолати билан танишишди.
– “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали ҳудудимизга туташ бўлган 5200 квадрат метр бўш ер майдонини 10 миллиард сўм инвестиция киритиш мажбурияти билан харид қилган эдик, – дейди “RENT SERVICE GROUP” МЧЖ директори ўринбосари Ботир Ибрагимов. – Ўтган давр мобайнида мазкур ҳудудда 20 миллиард сўмлик лойиҳани амалга ошириб, вилоятдаги илк кўргазмалар марказини ташкил қилдик. SOF EXPO халқаро кўргазмалар марказимизда 4500 квадрат метр ёпиқ, 5000 квадрат очиқ павильон мавжуд. Ушбу лойиҳа асосида 50 та янги иш ўрни яратилди. Шу пайтгача республика миқёсидаги учта кўргазма ўтказдик. Яратилган имкониятлардан тадбиркорлар мамнун. Шу боис, келгуси йилда яна 10 минг квадрат метр майдонда ёпиқ павильон қуришни режалаштирганмиз.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасидаги ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА.