Вазирлар Маҳкамасининг “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бюджети ва бошқа жамғармаларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун пудрат ташкилотларини фақат давлат харидлари электрон тизимининг электрон тендер савдолари платформаси орқали аниқлаш йўлга қўйилади.
Тендер савдолари предмети қийматининг камида 20 фоизи миқдоридаги айланма маблағлар бўлиши ёки кўрсатиб ўтилган маблағларни беришга банк кафолатномаси талаби бекор қилинади.
Объектнинг бошланғич нархидан 2 фоиздан ортиқ бўлмаган тендер таклифни таъминлаш кафолат суммасини пудрат ташкилоти томонидан платформа операторининг ҳисобварағига ўтказиш ва тендер якунидан сўнг пудрат ташкилотининг ҳисобварағига автоматик равишда қайтариш тизими жорий этилади.
Харид комиссияси фаолияти бекор қилиниб, унинг функцияси платформа орқали автоматик равишда амалга оширилади.
Умумий ва техник қисмлар бўйича маълумотни тақдим этиш талаби бекор қилиниб, ихтисослаштирилган профессионал пудрат ташкилотини жалб этиш тизими яратилади.
Харидлар жараёнларида жорий йил учун молиявий мажбуриятлар ҳажми пудрат ташкилотнинг сўнгги уч йиллик ҳисобот даврининг бир йилида бажарилган энг йирик ишлар ҳажмининг 2 бараваридан ошган оферент – қурилиш-пудрат ташкилоти иштирок этишига йўл қўйилмайди.
Йилдан йилга ўтувчи объектлар бўйича молиявий мажбуриятлар ҳажмини ҳисоблашда оферент ютиб олган объектнинг тасдиқланган қурилиш-монтаж ишлари бўйича манзилли рўйхатда назарда тутилган молиявий маблағ билан таъминланган ҳисобот йилида бажариладиган ишлар қийматини инобатга олиш тизими жорий этилади.
Шунингдек, мақсадли дастурларга киритилган объектлар тўлиқ рақамлаштирилади.
ЎзА