Электрон ҳамён: ишончли ва қулай
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан пул муомаласини такомиллаштириш ва пластик карточкадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан пул муомаласини такомиллаштириш ва пластик карточкадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.Унда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминлайдиган нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини кенгайтириш чоралари кўрилаётгани, савдо шохобчаларида пластик карточкалар ёрдамида ягона тартибда банк операцияларини ўтказиш имконини берувчи замонавий банк технологиялари ишлаб чиқилгани, пластик карточкалар, тўлов терминаллари ва бошқа жиҳозларни юқори даражада ҳимоялаш бўйича белгиланган талабларга риоя этилиши устидан назорат ўрнатилгани таъкидланди.
Пластик карточкалар орқали савдо ва хизмат кўрсатиш тизими тобора такомиллашаётгани аҳолига ҳар томонлама қулайлик яратмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 19 апрелдаги “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Аҳоли бўш пул маблағларини банкларга жалб этиш, банк инфратузилмасини яхшилаш, коммунал тўловлар ва бошқа хизматлар бўйича тўловларни қабул қилиш учун қулай шароит яратиш, нақд пул тушумларининг банк кассаларига тўлиқ тушишини таъминлаш мақсадида жойларда 2 минг 400 дан ортиқ мини-банк ва махсус кассалар фаолият юритмоқда.
Банклар томонидан 14 миллионга яқин пластик карточка муомалага чиқарилган бўлиб, 163 мингдан зиёд чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхонаси тўлов терминаллари билан таъминланди. Тўлов терминалларини чекка ҳудудлардаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига ҳам ўрнатиш, эскиларини янгиси билан алмаштириш доимий эътиборда. Аҳоли гавжум жойларда 2 мингга яқин инфокиоск ва банкоматлар ўрнатилди.
Пластик карточка эгалари ундан универсал тўлов воситаси сифатида фойдаланиб, кундалик эҳтиёжи учун зарур бўлган озиқ-овқат ва маиший маҳсулотлар, коммунал хизматлар учун тўловларни масофадан туриб, исталган вақтда амалга ошириши мумкин. Бундай қулайлик савдо ва сервис соҳаларидаги тушумлар улушини 50 фоизга етказиш, кейинги беш йилда бутун тўловлар ҳажмининг 3 марта ошишида қўл келди. Мисол учун, ҳар ойда ўртача 1,8 триллион сўмдан ортиқ товарлар ва хизматлар, 187 миллиард сўм миқдоридаги коммунал тўловлар электрон тизимлар орқали амалга оширилмоқда.
– Пластик карточкаларнинг муомалага киритилиши билан янги хизмат турларини жорий этиш, мижозлар билан янгича усулда муомала қилишга имконият яратилди, – дейди Марказий банкнинг пул муомаласи департаменти директорининг ўринбосари Назар Сапаров. – Бу ҳисобварақларни масофадан бошқариш тизимларидан фойдаланувчилар сони ортишини таъминламоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, 64 мингдан зиёд мижоз интернет-банкинг, “банк-мижоз” дастурий мажмуасидан, 530 мингдан ортиқ мижоз мобиль-банкинг ва sms-банкинг хизматларидан фойдаланмоқда.
Электрон ҳамён инфратузилмасининг кенгайиб боришидан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам манфаат топмоқда. 73 мингдан ортиқ тадбиркорлик тузилмаси ўзларининг ички хўжалик эҳтиёжлари учун товар ва хизматларни сотиб олиш ҳамда хизмат сафари харажатлари бўйича тезкор ҳисоб-китобларни шу усулда амалга оширмоқда. Корпоратив карталар хўжалик субъектларига дам олиш кунлари ёки банк иш кунидан ташқари пайтда ҳам терминаллар орқали тўловларни амалга ошириш имконини беради.
Марказий банкда “Чакана тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш клиринг тизимини яратиш ҳамда хизмат кўрсатувчиларнинг биллинг тизими билан интеграллашуви” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Унга кўра, клиринг тизими билан Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизими, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниялари, “Beeline” мобиль алоқа операторининг биллинг тизимлари интеграция қилиниб, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, электр ва газ истеъмоли бўйича тўловларни реал вақт режимида амалга ошириш имконияти яратилди.