Мамлакатимизда электр энергияси таъминоти ва тармоқларининг барқарорлиги иқтисодиёт ва аҳоли турмуш даражаси учун муҳим аҳамиятга эга.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Уруновнинг маълум қилишича, замонавий талаблар ва истеъмолчи эҳтиёжлари ортиши шароитида электр тармоқлари қувватини ошириш, подстанцияларни модернизация қилиш ва узилишлар хавфини камайтириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
– Шу боис, айни кунларда бошқа ҳудудлар каби Андижон вилоятидаги 220 кВ кучланишли “Сарой” подстанциясида олиб борилган қувватни ошириш ишлари нафақат маҳаллий аҳоли ва саноат объектларини ишончли электр таъминоти билан таъминлашга, балки куз-қиш мавсумида тармоқнинг барқарорлиги ва узлуксизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади. 220 кВ кучланишли “Сарой” подстанциясида қувватни ошириш ишлари олиб борилган. Унга кўра, AT-2-125 MVA қувватли автотрансформатор ўрнига 200 MVA қувватли автотрансформатор ўрнатилиб, ишга туширилди. Бунинг натижасида подстанциянинг ўтказувчанлик қуввати 75 MVAга оширилиб, умумий қувват 400 MVAга етказилди. Бу ишлар истеъмолчиларнинг электр таъминотини янада ишончли ва барқарор таъминлашга ҳамда куз-қиш мавсумида узилишлар хавфини камайтиради.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Андижон вилоятида жами узунлиги 2 276,6 км. бўлган 1 та 500 кВ, 14 та 220 кВ, 122 та 110 кВ ва 65 та 35 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари мавжуд. Шунингдек, 1 та 500 кВ кучланишли “Лочин” ва 5 та 220 кВ кучланишли “Юлдуз”, “Ҳакан”, “Фозилмон”, “Сарой” ва “Бобур” подстанциялар ҳамда 64 та 110 кВ ва 78 та 35 кВ кучланишли 148 дона подстанциялар фаолият кўрсатади.
Подстанцияларнинг жами тўла қуввати 5 422,3 МВА (магавольт∙ампер)ни ташкил этади. Шундан 500 кВ кучланишли подстанцияларнинг қуввати 1 602,0 МВА, 220 кВ кучланишли подстанциялар қуввати 1 480,0 МВА, 110 кВ кучланишли подстанциялар қуввати 1 838,2 МВА, 35 кВ кучланишли подстанциялар эса 502,1 МВАга тенг, – деди у.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА