Электр таъминотида муаммо бўлмайди...ми?
Хонадонидаги электр таъминотидаги узилишлар ҳар қандай кишининг табини хира қилади. Айниқса, қиш фаслида зим-зиё, қоронғу хонада ўтиришни ким ҳам истайди.
Хонадонидаги электр таъминотидаги узилишлар ҳар қандай кишининг табини хира қилади. Айниқса, қиш фаслида зим-зиё, қоронғу хонада ўтиришни ким ҳам истайди.
Хўш, жорий йилда Фарғона вилоятида куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилди? Электр энергияси билан барқарор ва кафолатли таъминлаш, ҳеч бир нуқта, ҳатто энг олис ҳудудларда ҳам чекловларга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқдами?
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан жорий йил давомида жами 753,75 километр узунликдаги 0,4-110 кВли электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирдан, 15 068,8 километр узунликдаги 0,4-110 кВли электр узатиш тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилди. 1 413,9 километр узунликдаги 0,4-6-10 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари дарахт шохларидан тозаланди.
Бундан ташқари, жорий таъмирлаш режаси доирасида вилоят бўйича 4 минг 621 дона 6–10/0,4 кВли трансформатор пунктлари жорий таъмирланди. Жамият тасарруфидаги туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича қўшимча авария-тиклаш бригадалари фаолияти ташкил этилиб, эҳтиёт қисмлар захираси шакллантирилган.
Қўқон эркин иқтисодий зонасида ўз ичига иккита, яъни “А” ва “В” зоналарини бирлаштирган 110/10 кВли “Қўқон ЭИЗ” подстанцияси ишга туширилди. Электр подстанциясининг “А” зонасида электр таъминоти бўйича қуввати 630 кВА бўлган иккита трансформатор, 19 дона замонавий ячейка ва электр қурилмалари ўрнатилди. Тадбиркорларни узлуксиз ҳамда сифатли электр энергияси билан таъминлаш учун 2 занжирли 110 кВли узунлиги 1,1 километр бўлган электр узатиш тармоқлари қурилди.
“В” зонада эса 110/10 кВли қуввати 25000 кВА бўлган иккита трансформатордан иборат подстанция қурилди. 4,2 километр масофада 2 занжирли 110 кВли электр узатиш тармоқларида қурилиш-монтаж ишлари якунланди. 24 дона темир-бетон таянчлар ўрнатилиб, узунлиги 1,5 километр бўлган электр узатиш тармоқлари тортилди. Мазкур электр подстанциясининг ишга туширилиши нафақат эркин иқтисодий зонадаги тадбиркорлар учун, балки атроф ҳудудда яшовчи аҳоли учун ҳам катта қулайлик яратди.
Фарғона туман электр таъминоти корхонаси томонидан ҳам мавсумга жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилди. Корхона бош муҳандиси А. Фозиловнинг айтишича, электр энергияси таъминотини яхшилаш, мавсумда узилишларнинг олдини олиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 17 та трансформатор мукаммал таъмирдан чиқарилди. “Кончилар”, “Водил”, “Новкент”, “Дўстлик” ва “Оқбилол” маҳаллаларида ҳам ана шундай ишлар бажарилиб, аҳолини сифатли ва узлуксиз электр-энергия билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Албатта бу ишлар яхши. Шундай бўлса-да вилоятнинг баъзи ҳудудларида электр таъминотида чекловлар кузатилмоқда. Соҳа мутахассислари бу ҳолатни об-ҳавонинг кескин пасайиб кетиши натижасида истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжлари ортганлиги билан изоҳлашмоқда. Корхона тасарруфидаги электр тармоқларда нуқсонли (аварияли) ўчишлар кузатилмаган.