Электр таъминоти тизими шай ҳолга келтирилди
Оқолтин тумани Сирдарё вилоятининг чекка ҳудудларидан бири бўлиб, айниқса, аввалги йилларда қиш мавсумида электр таъминотидаги узилишлар аҳолини анча қийнар эди. Бу муаммолар “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали томонидан ўрганилиб, бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, туманда 55,5 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 30 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди. Шунингдек, 101,8 километр узунликдаги тармоқ ҳамда 61 та трансформатор пункти жорий таъмирдан чиқарилди.

Энерготаъминот тизимини янгилаш доирасида туманнинг А. Навоий, Бўстон, Обод, Андижон ва Янги давр маҳаллаларида 17 километрдан иборат электр узатиш тармоқлари қурилиб, қўшимча 6 та трансформатор пункти ўрнатилди. Бу ишлар маҳаллалардаги электр таъминоти барқарорлигини сезиларли даражада яхшилади.
– Ҳар бир маҳаллага барқарор энергия етказиб бериш бизнинг асосий вазифамиз, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали бош муҳандиси Дилшод Абдуқодиров. – Шу йилги тайёргарлик ишлари аввалги йилга нисбатан кенгроқ кўламда олиб борилди. Асосий эътибор қишда юзага келиши мумкин бўлган узилишларнинг олдини олишга қаратилди. Шу мақсадда янги трансформаторлар ўрнатилди, эски тармоқлар янгиланди, эҳтиёт қисмлар захираси яратилди.

Мавсумни барқарор ўтказиш учун 8 нафар мутахассисдан иборат 2 та авариявий бригада тузилди. Улар ихтиёрига 2 та хизмат автомашинаси ва 1 та махсус техника ажратилган. Шу билан бирга, эҳтимолий фавқулодда ҳолатларга тезкор чора кўриш мақсадида захира материаллари базаси яратилди. Унда 10 та трансформатор, 1 тонна трансформатор мойи, турли хил сим ва кабеллар ҳамда бошқа зарур электр жиҳозлари захираси шакллантирилган.
Мутахассислар таъкидлашича, амалга оширилган чора-тадбирлар аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, шиддатли қиш шароитида узилишларнинг олдини олиш ва тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири