Қарор ва ижро
Охирги йилларда Тошкент вилояти ҳудудларида электр таъминотида узилишларнинг олдини олиш, узлуксиз ишлашини таъминлаш ва аҳолига бу борада қулайлик яратишга қаратилган ишлар ўз натижасини бермоқда.
Хусусан, барча туман-шаҳарларда аҳолини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш учун тезкор бригадалари 24 соатлик иш режимига ўтказилган. Қолаверса 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида 633 нафар ходимдан ташкил топган 186 та таъмирлаш бригадалари ташкил этилди. Уларга 56 та махсус техника ва 112 та автомашиналар бириктирилган.
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йил бошидан бери Тошкент вилояти “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ “Ҳудудий қурилиш-монтаж дирекцияси” филиали Тошкент бўлинмаси томонидан жойларда 476,7 километр ҳаво линиясини реконструкция қилиш ва 94 дона трансформаторлар ўрнатиш ҳамда 12 минг 831 дона бетон таянчлар ўрнатиш режалаштирилган эди.
– Қарорга кўра, биргина Оҳангарон туманида ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатлар қилинмоқда, – дейди Оҳангарон тумани электр таъминоти корхонаси бош муҳандиси Санжар Мўминов. – Ҳудуддаги 6 та маҳаллада 1 минг 416 та темир бетон таянчлар ўрнатилиб, 33 километр кабель тортиш, 4 дона янги электр трансформатори ўрнатиш белгиланган эди. Шу кунларда бу ишлар режа бўйича қилинмоқда. Асосий мақсад маҳаллалар аҳолиси куз-қиш мавсумида электр таъминотида муаммо бўлмасликка ҳаракат қилмоқда.
Масалан, Овжазсой қишлоғи Оҳангарон тумани марказидан тахминан 20 километр узоқликда жойлашган бўлиб, узоқ йиллар аҳолини эскирган симёғочлар қийнар эди. Энди ушбу муаммо ижобий ҳал этилди ва темир-бетон устунлар ўрнатилмоқда. Маҳалла раиси Муҳриддин Бўтабоевнинг айтишича, кўп йиллардан бери симёғочлар носоз аҳволга келгани туфайли сувоқ кунларда электр таъминотида узилишлар бўлган. Шуни эътиборга олиб, 250 дона темир-бетон устунлар ўрнатилди.
Шунингдек, туманнинг энг олис ҳудуди ҳисобланган “Шовғоз” МФЙда темир-бетон устунларини ўрнатиш, янги трансформаторни ишга тушириш ишлари олиб борилди. Муҳими, олис манзиллар инфратузилмасини яхшилаш борасида амалга оширилаётган бу каби ишлар сабаб энди электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларга барҳам берилади.
А.Мусаев, ЎзА.