“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ маъмурий биносида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 16 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларга бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди.
Вилоятда жами 445 минг истеъмолчи мавжуд. Таҳлилларга кўра, жами истеъмолчиларнинг 70 фоизи 200 кВт электр энергия истеъмол қилади.
Анжуманда қарор истеъмолчиларни ёқилғи- энергетика ресурслари билан ишончли тарзда таъминлаш, аҳоли хонадонларида қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилишини ва энергия тежовчи технологиялар кенг жорий этилишини рағбатлантириш, ёқилғи -энергетика ресурслари нархларининг шаклланишини босқичма - босқич бозор тамойилларига ўтказишни давом эттириш мақсадида қабул қилинганлиги қайд этилди.
Қарорга кўра, 2024-2025-йилларда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларининг босқичма-босқич ўзгариш графиги ҳамда 2024 йил 1 майдан аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг “базавий меъёрлари” тасдиқланди. Шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари ўзгариши муносабати билан айрим тоифадаги истеъмолчиларга таъсирни юмшатишга қаратилган таклифлар илгари сурилганлиги таъкидланди. Унга кўра, эҳтиёжманд оилалар учун юзага келиши мумкин бўлган қўшимча харажатларни қоплаш бўйича вақтинча компенсация жорий этилиши назарда тутилган.
[gallery-17096]
Қарорга биноан 2024-2025 йилларда электр энергияси учун нархлар график асосда босқичма-босқич ўзгариши кўзда тутилган.
Истеъмолчиларнинг III гуруҳи, шу жумладан, аҳоли, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп квартирали уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшайдиган маиший истеъмолчилар учун бир ойдаги истеъмолдан келиб чиқиб, ойига 200 кВт соатгача 225, ойига 201 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача 450, ойига 1 001 кВт соатдан 5 000 кВт соатгача 675, ойига 5 001 кВт соатдан 10 000 кВт соатгача 787,5, ойига 10 001 кВт соат ва ундан юқори кВт учун 900 сўм этиб белгиланди.
Айтиб ўтиш жоизки, электр энергияси ва табиий газ таннархи қиммат бўлишига қарамасдан бу ресурслар аҳоли истеъмолчиларига ўртача қарийб 4,3 баравар арзон етказиб берилмоқда.
Масалан, электр энергиясининг хонадонгача етиб келгунгача бўлган таннархи бир кВт соат учун 990 сўмни ташкил этишига қарамай, унинг амалдаги тўлов нархи 2019 йил 1 августдан буён бир кВт соат учун 295 сўмни ташкил қилиб келмоқда.
Бу эса тизимда қандайдир ислоҳотларни амалга оширишга, тармоқларни тўлиқ модернизация қилишга тўсиқ бўлмоқда.
Ёқилғи-энергетика соҳасига бозор механизмларининг тезкор татбиқ этилиши мазкур муаммоларнинг асосий ечимидир.
Ҳар бир фуқаро сифатли, ишончли ва адолатли нархларда электр энергияси билан таъминланиши шарт. Ривожланган ва ривожланаётган барча мамлакатларда ушбу тамойилга амал қилинади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Шунинг учун тизимда табақалаштирилган тарифлар жорий этилмоқда.
Электр ва газ учун ҳақиқий таннархга асосланган тарифлар киритилиши бир томондан, тармоқларни модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағларни жалб этса, иккинчи томондан, давлат бюджетидан соҳага ажратилаётган субсидияларни бошқа йўналишларга, шу жумладан, медицина ва таълимга сарфлашга имкон беради.
Энергия ресурсларидан рационал фойдаланиш муаммоси энергия истеъмоли маданияти пастлигича қолаётган ҳозирги шароитда янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Исрофгарчилик шундоқ ҳам электр энергияси етишмаётган бир шароитда барқарорликка салбий таъсир кўрсатади.
Мутахассислар келтирган рақамларга кўра, Ўзбекистондаги 6,1 миллионта аҳоли абонентининг ҳар биттаси 100 ваттлик 1 дона чўғланма лампани кечаси атиги 10 соат (кечки соат 21:00 дан эрталабки соат 7:00 гача) ўчириб қўйса, бир йилда 2 миллиард 226 миллион 500 минг киловатт электр энергиясини (бу мамлакат аҳолиси умумий истеъмол ҳажмининг 11,47 фоизи деганидир), 1 дона ёруғлик чиқарувчи энергия тежамкор ЛЕД лампасини кечаси ёқиб қўйишдан тийилса, 267 миллион 180 минг киловатт (умумий истеъмол ҳажмининг 1,38 фоизи) электр энергияси тежаб қолинади.
Бир дона чўғланма лампани замонавий ЛЕД лампасига алмаштириш орқали ойига 22,4 киловатт-соат, йилига эса 268,8 киловатт-соат электр энергияси тежалади.
Шунинг ўзиёқ амалдаги 295 сўмлик тариф бўйича ҳисобланганда, ойига 6608 сўм (ёки йилига 79 минг 296 сўм) миқдорида маблағ тежаш имконини беради.
Агар бундай тежамкорлик аҳоли орасида оммавий тус олса, бу мунтазам ток ўчишларининг олдини олиш ҳамда электр билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилади.
Электр ҳам неъмат. Унинг исроф бўлишига йўл қўймаслик, асраш масъулияти – барчамиз учун виждон иши, бурч бўлиши керак. Бунда аҳоли сарфлаётган ойлик ёки йиллик электр энергия ҳажмини ўзи мустақил назорат ва таҳлил қилиб бориши, хулоса қилиши, табиий равишда тежамкорликни таъминлаши самарали натижа беради.
Аҳолини электр билан узлуксиз таъминлашда истеъмол маданиятини ошириш қанчалик муҳим бўлса, энергетик инфратузилмани модернизация қилиш ҳам худди шундай долзарб аҳамиятга эга. Бунинг учун нарх шаклланиши жараёнига бозор механизмларини жорий этиш, шу орқали қўшимча маблағ ва имкониятларга эга бўлиб, тизимни янгилаш лозим.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари