Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси томонидан Хатирчи туманида жойлашган “Учқара” насос станциясида электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш бўйича семинар ташкил этилди.
Унда сўзга чиққанлар электр энергиясидан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш тадбирлари, таъмирлаш ишлари, насос станцияларининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда дунёда иқтисодиётнинг турли соҳаларида муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланилмоқда. Юртимизда ҳам энергия тежамкорлигини ошириш, қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасида ҳам электр энергиясидан самарали фойдаланиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
– Бошқарма томонидан 4 дона энерготежамкор электродвигателлар харид қилиниб, “Қалқон” насос станциясига 400 кВтли, “Ўртачўл” насос станциясига 1250 кВтли, “Кенгсой” насос станциясига 250 кВтли ва “Шовот-2” насос станциясига 400 кВтли электродвигателлар ўрнатилди, – дейди Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Жасуржон Назаров. – Электр энергиясини компенсация қилувчи қурилмалардан 30 дона частота ўзгартирувчи қурилма, 50 дона конденсатор қурилмаси, 2 дона 200 литр ҳажмли қуёш сув иситиш қурилмаси, 3100 метр кабель ва 120 дона энергия тежамкор лампалар ҳамда 116 дона тик қудуқлар учун сув ҳисоблаш воситалари сотиб олиниб, насос станцияларга ўрнатилди. Бошқарма томонидан электр энергиясини иқтисод қилиш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш мақсадида Навбаҳор туманида жойлашган “Конимех-1” насос станциясига 100 кВтли ва “Тосс” насос станциясига 35 кВтли қуёш панеллари ўрнатилиб, ишга туширилди.

“Учқара” насос станциясининг 2025 йил I чорак учун электр энергия лимити 0,437 миллион кВт соатни ташкил этиб, амалда 0,434 миллион кВт соат электр энергияси сарфланган. Натижада 3 минг кВт соат электр энергияси иқтисод қилинган.
– Бугунги кунда насос станцияларининг барча участкаларида устувор вазифалардан бири энергия ресурсларидан фойдаланишда суиистеъмолчиликка йўл қўймаслик ва тежамкорлик билан ёндашишдан иборат, – дейди Насос станциялари ва энергетика бошқармаси мутахассиси Алишер Муртозаев. – Бунда жисмонан ҳамда маънан эскирган ишлаб чиқариш қувватларини энергия тежайдиган технологияларга алмаштириш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш сингари йўналишларга кенг урғу берилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, бошқарма ҳисобидаги мавжуд барча сув насосларини самарали ишлатиш тизимини йўлга қўйиш, сув ва энергия тежамкорлиги, тизимли суғориш механизмини жорий этиш ҳисобига 2025 йил якунига қадар ўртача 5,5 миллион кВт электр энергиясини иқтисод қилиш режалаштирилган.

А.Бўриев, ЎзА мухбири