Қарор ва ижро
Президентнинг 2024 йил 14 июндаги “Энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Тошкент вилоятида 1 миллиард 180 миллион киловатт соат электр энергияси ва 808 миллион 400 минг метр куб табиий газ иқтисод қилиниши белгиланган.

Жорий йил 27 август куни ўтказилган йиғилишда электр энергия йўқотишларини камайтириш ва ресурсларни тежаш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятининг 22 та шаҳар ва туманларида жойлашган йирик истеъмолчилар ҳамда энергия таъминот корхоналарида энергия самарадорлиги бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатларга ҳудуддаги 7 та олий таълим муассасасидан 232 нафар профессор-ўқитувчи ва илмий ходим жалб қилинган. Улар ҳудудлардаги йирик ва ўрта энергия истеъмолчилари ҳамда саноат корхоналарининг энергия сарфини ўрганиб, аниқланган ҳолат юзасидан таҳлилий маълумот йиғилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда прокуратура мутасаддилари ҳамкорлигида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан Чирчиқ шаҳри, Қибрай ва Паркент туманларидаги подстанциялар, трансформаторлар, электр тармоқлари, газ тарқатиш қурилмалари, ишлаб чиқариш корхоналарининг технологик жараён ва энергия ускуналарида ўлчов-назорат ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, тадбиркорлар ва аҳоли орасида энергия тежовчи қурилмалар ҳамда қуёш панелларининг афзалликлари ва уларга бериладиган имтиёзлар ҳақида мутахассислар томонидан маҳаллабай тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.
А.Мусаев,ЎзА.