Электр энергия ўғрилари аниқланди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими, “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаси ва электр тармоқлари корхонаси ходимлари ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилди.
Натижада “B.B.” МЧЖ раҳбари Б.И. ва бошқалар Саноатчилар кўчасидаги кўп қаватли савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш мажмуасини барпо этишда тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, жами 433,5 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Департаментнинг Қоровулбозор тумани бўлими ва туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирида “Ҳ.А.” МЧЖни норасмий бошқариб келган фуқаро Ш.Ҳ. сув ресурсларини кўп талаб қиладиган майдондаги экинларни суғориш учун ўрнатилган электр ҳисоблагич схемасини ўзгартириб, жами 152 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.