Электр арзонлашадими? Европада энергия қоидаси ўзгаради
Европада энергия нархи яна сиёсий баҳс марказига чиқди. Бунга фақат Яқин Шарқдаги кескинлик ёки нефть бозоридаги беқарорлик сабаб эмас. Муаммонинг бир жиҳати қитъа давлатлари ичида яширин. Кўпгина мамлакатларда аҳоли ёки бизнес ҳамжамияти электр учун газга қараганда кўпроқ солиқ ва йиғим тўламоқда. Натижада экология нуқтаи назаридан тозароқ ҳисобланган қувватдан фойдаланиш доим ҳам иқтисодий манфаат келтирмаяпти.
Брюссель шу зиддиятни бартараф этишга уринмоқда. Европа Комиссияси тайёрлаётган янги қонун лойиҳаси электр энергиясига нисбатан солиқ юки камайтирилишини назарда тутади. Мақсад фақат ҳисоб-китобни арзонлаштириш эмас. Асосий вазифа – аҳоли, транспорт ва саноатни аста-секин газ ва нефтдан электр энергиясига ўтказиш. Раҳбарлар келажак иқтисодиёти айнан шу йўналишда шаклланишига ишонмоқда.
Муаммо шундаки, ток учун тўланадиган маблағнинг асосий қисми қўшимча харажатга кетади. Тармоқни сақлаш, такомиллаштириш ва янги тизим барпо этиш миллиардлаб евро талаб қилади. Ҳозирнинг ўзида айрим юртларда харажат электр нархи билан деярли тенглашиб қолган. Қайта тикланувчи манбалар кўпайган сари айни босим янада ортади.

Шунинг учун ЕИ яна бир усул таклиф қиляпти: келажакда истеъмолчи токдан қайси вақт фойдаланиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалан, куннинг қуёш ва шамол станциялари кўп энергия ишлаб чиқарадиган қисмида тариф арзон бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг учун махсус рақамли ҳисоблагич кенг жорий қилинади. Яъни одамлар нафақат қанча, балки қайси пайт ишлатгани ҳам ҳисобга олинадиган тизим яратилади.
Дарвоқе, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Агар электр арзонлашса, давлат бюджетига тушадиган айрим солиқлар камайиши мумкин. Шу боис барча мамлакатлар таклифни бирдек қўллаб-қувватлаётгани йўқ. Айрим ҳукуматлар иқтисодий манфаат ва бюджет эҳтиёжи ўртасидаги мувозанатни излаяпти. Демак, баҳс ҳали узоқ давом этади.
Нима бўлганда ҳам, бир нарса аниқ: Европада янги давр бошланмоқда. Ҳозирча асосий савол “Қувватни қаердан оламиз?”. Энди эса энергиядан қандай фойдаланиш масаласи биринчи ўринга чиқиши мумкин. Бундай ўзгариш эса миллионлаб европаликнинг кундалик харажатига бевосита таъсир кўрсатади.
Мусулмон Зиё, ЎзА