Элдор Туляков: Ўзбекистон ва Тожикистон чуқур иқтисодий интеграция сари интилмоқда
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ЎзА мухбирига берган интервьюсида мамлакатларимиз эришган асосий ютуқлар, шу жумладан қўшма корхоналар сонининг ошиши, йирик транспорт-логистика ва энергетика лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда минтақалараро ҳамкорликнинг ривожланиши ҳақида сўзлаб берди.
Унинг қайд этишича, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи икки томонлама муносабатлар, шунингдек минтақа иқтисодиёти ва инфратузилмаси интеграциясига қўшимча суръат бағишлайди.
– Элдор Собиржонович, маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар анча фаоллашди. Бу иқтисодиёт ва инфратузилма лойиҳаларида ўз ифодасини топмоқда. Сизнингча, ушбу йўналишлардаги айнан қайси ютуқлар ҳамкорликни мустаҳкамлашда энг муҳим ва намунали ҳисобланади.
– Кейинги йилларда икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги келишувлар савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш ва икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш учун институционал асос яратди.
Қўшма лойиҳалар орасида транспорт-логистика соҳасидаги ташаббуслар алоҳида ўрин эгаллайди. Хусусан, Фарғона вилоятида умумий қиймати 100 миллион долларлик 200 дан зиёд объектлар – ишлаб чиқариш майдонлари, омборхоналар, меҳмонхона ва молия инфратузилмасини ўз ичига олган “Анадархон” савдо-логистика марказининг қурилиши энг йирик лойиҳалардан биридир.
Шу билан бирга, “Жартепа-Саразм” ва “Ойбек-Фотехобод” каби чегара ўтиш пунктларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, чегараолди ҳудудларда янги логистика маказларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундай марказлар бир кунда 100 тагача юк машиналарига хизмат кўрсатиши кутилмоқда. Хусусан, халқаро молия институтлари ва давлат-хусусий шериклик механизмларини жалб қилган ҳолда юқорида айтилган ўтказиш пунктлари яқинида йирик логистика марказини қуриш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, Ургут туманида йирик юк оқимларини бошқариш ва чегара тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган логистика марказини барпо этиш масаласи муҳокама қилиняпти. Мультимодал транспорт йўлакларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, синов тариқасида Хитой – Тожикистон – Ўзбекистон йўналишида ташувларни йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Бу минтақанинг транзит салоҳиятини кучайтириб, уни “Янги ипак йўли” ташаббуслари билан уйғунлаштириш имконини беради.
Халқаро автомобиль ташувлари учун рухсатномаларнинг электрон шаклга ўтказилиши ҳам муҳим қадамлардан бири бўлди. Қайд этиш жоизки, Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон улкан транспорт-транзит салоҳиятига эга. Тожикистоннинг транспорт-логистика тармоғи эса мамлакатимиз билан чамбарчас боғланган. Демак, инфратузилма имкониятларидан бирга фойдаланиш нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа ривожланишига хизмат қилади.
Энергетика соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Мазкур йўналишдаги муҳим лойиҳалар қаторига умумий қуввати 320 МВт бўлган Ёвон ва Фандарё гидроэлектр станцияларини киритиш мумкин. Бу объектлар йилига 1,4 млрд кВт·соат электр энергиясини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлиб, электр энергияси мамлакатлар ўртасида тенг тақсимланади. Бу уларни минтақа энергетика соҳасидаги хавфсизлигининг муҳим элементига айлантиради. Айни пайтда Роғун ГЭС бўйича ҳам ҳамкорлик қилинмоқда.
– Қўшма корхоналар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу мамлакатлар ўртасидаги инвестициявий фаоллик ва ишонч ошаётганидан далолат беради. Бугунги кунда бирга бизнес юритиш учун қайси соҳалар ўзаро манфаатли ҳисобланади?
– Дарҳақиқат, қўшма корхоналарнинг кўпаяётгани юксак даражадаги ишонч ва қулай инвестициявий муҳит яратилганининг яққол тасдиғидир. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2026 йил 1 февраль ҳолатига республикамизда тожик капитали иштирокидаги 410 та корхона фаолият юритмоқда. Шундан 102 таси қўшма корхоналар форматида, 308 таси тожикистонлик ҳамкорларнинг 100 фоизлик капитали иштирокидаги хорижий корхоналар сифатида ишламоқда. Бу кўрсаткичлар тожик сармоядорларининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ишбилармонлик фаоллиги барқарор тарзда ортаётганини кўрсатади. Корхоналарнинг аксарияти, яъни 144 таси савдо соҳасида фаолият юритади. Инвестициялар тузилмасини таҳлил қилсак, савдо соҳаси билан бирга, ритейл, саноат, қурилиш, технология, хизмат кўрсатиш, туризм, шу жумладан логистика йўналишлари ҳам инвестициявий жиҳатдан жозибадор эканлигини кўришимиз мумкин.
Шуни ҳам айтиш керакки, 2021 йилда ташкил этилган Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компанияси бизнесни институционал қўллаб-қувватлашда алоҳида ўрин тутади. Устав капитали 50 млн доллар бўлган тузилма (шундан 75 фоизи Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, 25 фоизи “TajInvest” компанияси томонидан шакллантирилган) ишбилармонлик фаоллигининг катализатори бўлиб хизмат қилмоқда. Ҳозирда компания 36 та устувор йўналиш, шу жумладан, энергетика, соғлиқни сақлаш ва банк соҳасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда. Бу икки томонлама иқтисодий ҳамкорликнинг барқарорлигини таъминлайди. Ҳозирги ўсиш суръати савдо ҳамкорлигидан иқтисодиётнинг асосий тармоқларини қамраб олган янада диверсификацияланган ва инвестицияларга йўналтирилган ҳамкорликка босқичма-босқич ўтилаётганидан далолат беради.
– Ўзбекистоннинг ислоҳотлар тажрибаси, хусусан иқтисодиётни либераллаштириш, инвестициявий иқлимни ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорлик модели Тожикистон билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қай даражада таъсир кўрсатди? Бу борада айнан қайси натижаларни энг намунали деб ҳисоблайсиз?
– Ўзбекистоннинг ислоҳотлар тажрибаси, энг аввало, иқтисодий очиқлик, инвестициялар ва минтақавий ҳамкорлик соҳасидаги муайян воситаларни мослаштириш орқали Тожикистонга амалий таъсир кўрсатди. Бунга муносабатларнинг яхшиланиши ва чегара масалаларининг ҳал этилиши, 2018 йилда икки мамлакат фуқароларининг ўзаро ташрифлари учун 30 кунгача бўлган виза режимининг бекор қилиниши бўла олади. Бу савдо ҳажмининг ўсиши ва қўшма корхоналар сонининг ортишига олиб келди. Ўтган йилда Ўзбекистонга чет элдан 11,7 млнга яқин, яъни 2024 йилга нисбатан 47 фоиз кўп туристлар ташриф буюрган. Улар орасида Тожикистон фуқаролари иккинчи ўринни туради (2,7 млндан ортиқ сайёҳ). Иқтисодий ҳамкорликни маҳаллий даражада жадаллаштириш имконини берган чегара ҳудудлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар минтақалараро ҳамкорлик моделининг муҳим элементи ҳисобланади. Бунинг самарасида сўнгги йилларда Сўғд ва Хатлон вилоятларининг Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари билан ҳудудлараро ҳамкорлиги фаол ривожланмоқда.
2021 йилнинг июнь ойида Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти Бохтар шаҳрида биринчи Ҳудудлараро инвестиция форуми бўлиб ўтди. 2024 йил 18 апрелда Тожикистонга амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасида Сўғд вилояти ва Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ўртасида ҳамда Хатлон ва Қашқадарё вилоятлари ўртасида ҳамкорлик келишувлари ва йўл хариталари имзоланди.
Ўзбекистоннинг имтиёзлар, бизнесни соддалаштириш ва махсус иқтисодий зоналарни ташкил қилиш орқали инвестиция муҳитини яхшилашдаги тажрибаси ҳам аҳамиятли бўлиб, бу икки томонлама инвестициялар ва қўшма корхоналар пайдо бўлишига туртки берди.
– 2017-2025 йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб тўрт баробарга – 238 млн доллардан 912 млн долларга ошди. Шу билан бирга, экспорт ва импорт ҳам ўсди. Мамлакатларимиз ўртасида савдо ҳажмини янада ошириш истиқболларини қандай баҳолайсиз ва бугунги кунда товар айирбошлашни ривожлантиришга нималар тўсиқ бўлмоқда?
– Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида савдо ҳажмини янада ошириш салоҳияти ҳали тўлиқ ишга туширилгани йўқ. 2017-2025 йилларда товар айирбошлаш ҳажмининг қарийб тўрт баробарга ортиши сиёсий ва маъмурий тўсиқлар бекор қилинишининг самарасидир. 2025 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 912 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ошди. Олий даражадаги икки томонлама музокаралар чоғида савдо ҳажмини 2 млрд долларгача етказиш бўйича келишувга эришилди.
Экспертларнинг фикрича, ўсиш суръати, энг аввало, Тожикистоннинг учинчи мамлакатлардан импортни Ўзбекистоннинг саноат (автомобиллар, маиший техника, кимё, тўқимачилик) маҳсулотлари билан ўрнини босиши ҳисобига камида 30-40 фоиз даражада сақланиб қолмоқда. Шунингдек, саноат кооперациясини ривожлантириш – чегара ҳудудларида қўшма қайта ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш, агрологистика инфратузилмасини кенгайтириш бўйича улкан имкониятлар бор. Иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш, оддий савдодан қўшма инвестициялар моделига ўтиш ва ишлаб чиқариш занжирларини интеграциялаш ҳам қўшимча куч бўлади.
– “Тараққиёт стратегияси” маркази Тожикистоннинг қайси таҳлилий марказлари билан ҳамкорлик қилади ва қайси қўшма лойиҳалар ўз натижасини бермоқда?
– “Тараққиёт стратегияси” маркази Тожикистоннинг тегишли таҳлилий ва давлат тузилмалари билан эксперт ва институционал ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Тожикистон Респбуликаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази асосий шерикларимиздан бири бўлиб, Марказ билан мунтазам мулоқот йўлга қўйилган. Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини ривожлантириш, шунингдек минтақавий ва глобал кун тартибдаги долзарб масалаларга бағишланган қўшма халқаро тадбирларда иштирок таъминланмоқда.
Экспертлар учрашувлари ва музокаралари ташкил этилмоқда. Хусусан, 2019 йилда “Тараққиёт стратегияси” марказида Тожикистон Респбуликаси Президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси - Президентнинг парламентдаги вакили Зариф Ализода билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, хусусан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ахборот алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ўтган йили марказимиз биринчи Фарғона тинчлик форуми доирасида ҳамкорликда шўъба йиғилишини ўтказди. Унда Сўғд вилояти Савдо-саноат палатаси бош директори ўринбосари Муроджон Умаров иштирок этди. Музокаралар чоғида Марказий Осиёда аҳоли фаровонлигини ошириш ва барқарор тинчликни мустаҳкамлаш омили сифатида қўшма корхоналарни ривожлантириш орқали минтақада иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришнинг муҳимлиги қайд этилди. Шу тариқа, Тожикистон таҳлилий марказлари билан ҳамкорлик изчил тусга эга бўлиб, ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
– Яқин йиллар ичида мамлакатларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳамкорлиги қандай даражага кўтарилади деб ўйлайсиз? Сизнингча, қайси лойиҳалар минтақадаги асосий ташаббуслардан бири бўлади?
– Яқин йилларда икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик савдо ҳажмининг ошишидан янада чуқур иқтисодий интеграция босқичига ўтиши кутилмоқда. Савдо кооперацияси, импорт ўрнини босиш ҳамда чегара ҳудудларида инвестиция ҳамкорлиги ва қўшма ишлаб чиқаришни кучайтириш ҳисобига товар айирбошлаш ҳажми яна 30-40 ошиши кутилмоқда. Қўшма қайта ишлаш корхоналари ва агрологистика марказларининг ташкил этиш, транспорт-логистика инфратузилмаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш (авто, техника, тўқимачилик, кимё), энергетика инфратузилма ҳамкорлигини чуқурлаштириш энг муҳим лойиҳалардан бўлади. Қўшимча тарзда ижтимоий ўзаро боғлиқлик ҳам кучаяди. Яъни, сайёҳлар оқимини ошириш (ҳар йили 2,7 млндан ортиқ Тожикистон фуқаролари) ва авиаташувларни (рейсларни 10 тагача) кўпайтириш барқарор гуманитар ва ишбилармонлик интеграцияни шакллантиради.
–Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қандай туртки беради?
– Мазкур ташриф, биринчи навбатда, икки қардош ва иттифоқчилик муносабатларини сезиларли даражада кучайтириб, минтақавий ҳамкорликка янгича туртки беради. Давлатлар раҳбарлари ўтган учрашувларда ҳамкорликнинг ижобий суръатини қайд этишган эди. Бўлажак музокаралар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат-энергетика ва аграр кооперация бўйича лойиҳаларни илгари суриш, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича мувофиқлашган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш масалаларини ўз ичига олади. Бу икки мамлакат иқтисодиётлари ва ишлаб чиқариш занжирларини янада чуқур интеграция қилиш учун асос яратади.
Шунингдек, халқаро ва минтақалараро кун тартиби бўйича фикр алмашиш Марказий Осиё ва МДҲ доирасида позицияларни мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Бу эса, сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун шароит яратади. Шундай қилиб, бўлажак ташриф иттифоқчилик муносабатларининг рамзий тасдиғи бўлибгина қолмай, савдо, саноат кооперацияси ва барқарор минтақавий ҳамккорликни жадал ривожлантириш учун амалий восита бўлади.
Азиза Алимова суҳбатлашди, ЎзА