Элдор Шомуродов “А” сериядаги юришини бошлади
Италия “А” серияси илк турида "Рома" ва "Фиорентина" клублари ўзаро рақобатлашди. Мазкур ўйиннинг биз учун аҳамиятли жиҳати, ҳамюртимиз Элдор Шомуродов Рим клуби сафида чемпионатни муваффақиятли бошлагани бўлди. Мазкур ўйинда “Рома” рақибларини 3:1 ҳисобида таслим қилди.
Ўйинда римликлар сафига яқиндагина келиб қўшилган Тэмми Абрахамнинг икки ассистидан сўнг Мхитарян ҳамда Верету рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса, 60-дақиқада Миленкович меҳмонларнинг ягона голини киритди. Захирадан ўйинга қўшилган Э.Шомуродовнинг голли узатмасидан сўнг Верету тўпни дарвозага аниқ йўллаб, жамоасининг йирик ғалабасини таъминлади.
Шу тариқа, Моуриньо шогирдлари жорий мавсумни ғалаба билан бошлади.
Статистик маълумотлар бериб борувчи "WhoScored.com" нашри мазкур қарама-қаршилик учун қўйилган балларни эълон қилди. Захирадан майдонга тушган Элдор Шомуродов 7 баллга лойиқ кўрилди. Бу эса захирадан тушган футболчи учун юқори баҳо ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА