Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов бугун Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: глобал трансформациялар давридаги хавф-хатарлар ва имкониятлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияни очиб бераркан, минтақамиз қисқа давр ичида ўзи ҳақидаги тасаввурни бутунлай ижобий томонга ўзгартирган”ини алоҳида таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, яқин ўтмишда кўпчилик экспертлар минтақада юз бераётган ўзгаришларни таҳлил қилиб, “Марказий Осиё болқони” иборасини ишлатган, Фарғона водийсини эса миллатлараро низолар, ҳудудий ва сув ресурслари билан боғлиқ ўткир муаммолар туфайли, “бомба солинган, портлаш арафасидаги идиш”га қиёслашган эди.
Етти йил олдин чегараларимиз бутунлай ёпиқ бўлгани қайд этилди. Чегара ҳудудларидаги низолар, минали майдонлар, транспорт қамали каби кўплаб савдо тўсиқларига гувоҳ бўлганмиз.
Қуролли можаролар кенгайиши билан тавсифланадиган бу мураккаб халқаро вазият минтақа барқарорлиги ва мустаҳкам ривожланишга бевосита салбий таъсир кўрсатарди.
Эксперт қайд этишича, бундай шароитда жамиятда туб ўзгариш ясаш, йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш талаби пайдо бўлди. Бу жараённи чуқур англаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев янги ташқи сиёсий доктрина ишлаб чиқишга киришди. Бунда Марказий Осиё минтақаси асосий йўналиш этиб белгиланди.
Очиқлик, прагматизм, конструктивизм, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатни ҳисобга олган ҳолда, фаол мулоқот тамойили асосида барча масалалар бўйича ўзаро мақбул ечимлар топиш биринчи галдаги вазифага айланди.
Шу нуқтаи назардан Элдор Арипов янги минтақавий сиёсат, моҳиятан, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатини тубдан яхшилаш учун шароит яратибгина қолмай, Марказий Осиё янги форматда янада жипслашуви ва интеграциялашуви учун пойдевор яратганини ҳам мамнуният билан қайд этди.
Натижада Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашуви механизми ишга туширилди. “Бу формат нафақат мулоқот майдони, балки минтақа мамлакатлари ҳамкорлиги учун асосий йўналишларни белгилайдиган муҳим сиёсий қарорлар қабул қилиш воситасига ҳам айланди”, - дейди эксперт.
Хусусан, бўлиб ўтган олти саммитда муҳим концептуал ҳужжатлар, узоқ муддатли ҳужжатлар қабул қилинди. Масалан, Остона саммитида “Марказий Осиё-2040” Минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Ҳужжат узоқ муддатли йўналишларни белгилаб, давлатларимиз минтақавий ҳамкорлик жараёнига содиқлигини кўрсатди.
Элдор Ариповнинг сўзларига кўра, бугунги кунда минтақа мамлакатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиёнинг замонавий қиёфасини ўзгартириш, ҳудудни яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик маконига айлантиришга муваффақ бўлинди. Ҳар бир давлат минтақанинг умумий келажаги, хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш масъулиятини зиммасига олишга тайёрлигини намойиш этган ҳолда, ташқи хавфга бардошли ўзига хос минтақавий андоза яратди.
Мутахассис қайд этишича, бугунги кунда минтақамиз аста-секин янги имконият, манфаатлар яқинлашуви, инклюзив ҳамкорлик маконига айланмоқда. Марказий Осиё улкан истеъмол бозори, кучли ресурс-хом ашё базаси ва бой инсон капиталига эга. Шу нуқтаи назардан эксперт минтақанинг иқтисодий кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратди.
Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда минтақа иқтисодиёти жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар ошиб (2,6%), барқарор ўсиш суръати (6,2%)ни намоён қилди. 2016 йилдан буён минтақавий ЯИМ 60 фоиз ошиб, 2023 йил якунида 450 миллиард долларни ташкил этди.
Эксперт таъкидлашича, Марказий Осиё жаҳон иқтисодий муносабатларининг муҳим иштирокчисига айланмоқда: сўнгги 7 йилда минтақанинг ташқи савдоси 2 баробар кўпайиб, қарийб 225 миллиард долларга етди. Ички савдо эса, 4,5 баробар ошди – 2,4 дан 11 миллиард долларгача.
“Биз иқтисодиётлар бир-бирини тўлдириши ва мамлакатларимиз рақобатдош устунлигига асосланган ривожланишнинг янги андозасига ўтяпмиз. Бу ўз навбатида, саноат кооперациясини кучайтириш, технологик ишлаб чиқариш маконини яратиш ва минтақани халқаро қўшимча қиймат занжирининг муҳим бўғинига айлантиришга хизмат қилади”, деди Элдор Арипов.
Мутахассис сўзларига кўра, буларнинг бари ташқи ҳамкорларнинг Марказий Осиёга қизиқишини оширмоқда. “МО плюс” мулоқоти каби форматлар ҳам бунинг яққол ифодасидир. Бугунги кунда 10 дан ортиқ шундай майдон фаолият юритиб келмоқда, уларнинг 6 таси сўнгги 5 йилда ташкил этилган. 2022 йилдан буён айни форматларнинг аксарияти давлатлар раҳбарлари даражасида – Хитой, АҚШ, Германия, ЕИ билан биргаликда фаолият олиб бормоқда. Кейинги йил Жанубий Корея ҳам шу қаторга қўшилади.
Элдор Арипов нутқини якунларкан, Марказий Осиё мамлакатлари бу ноёб геосиёсий вазиятдан фойдаланиб, учинчи мамлакатлар билан ҳамкорликда минтақавий ривожланиш устуворлигини янада мувофиқлаштиришига қатъий ишонч билдирди.
ЎзА