Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Cтратегик тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган “Ўзгарувчан дунёда Осиё: келажак кун тартиби” мавзусида хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Марказий Осиё форуми бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган анжуманда минтақамиз мамлакатлари, Россия, Хитой, Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Покистон, Жанубий Корея, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва бошқа давлатлар мутахассислари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражадаги вакиллари, таниқли сиёсатчилар ва дипломатлар, етакчи экспертлар – дунёнинг 25 давлатидан жами 60 га яқин делегат қатнашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов “Марказий Осиёни минтақалаштириш: янги модел излаб...” мавзусидаги сессияда маъруза қилди.
Эксперт дастлаб Марказий Осиёнинг кейинги 10 йиллик ривожи хусусидаги тасаввури билан ўртоқлашди, минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан минтақавий ўзига хосликни шакллантириш алоҳида аҳамият касб этишига эътибор қаратди.
СМТИ директори таъкидлаганидек, бугунги кунга келиб, Марказий Осиёдаги ҳеч бир давлат ўз тақдирини ўзи белгилай олмайди. Аксинча, айни жараён минтақада содир бўлаётган умумий воқеа-ҳодисаларга бевосита боғлиқ. Буни кўп йиллардан буён энди аниқ ва равшан англаб етяпмиз.
Элдор Арипов сўзида давом этиб, ҳозирги давр биздан яқин ва қалин жипслашишни, минтақалашишнинг барқарор шаклини яратишни янада кескин ва қатъий талаб қилаётганини таъкидлади.
Қайд этилишича, стратегик устувор йўналишларни келишиш, Марказий Осиёнинг узоқ муддатли истиқболини кўзлаш, долзарб вазифаларни амалга ошириш учун ресурс ва механизмларни аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
Марказий Осиёнинг келажакдаги модели мавзусини муҳокама қилар экан, Э.Арипов бир неча асосий унсурни ажратиб кўрсатди:
1) минтақавий ҳамкорлик жараёнига тўсқинлик қилаётган мавжуд фундаментал келишмовчилик ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш;
2) ўзаро манфаатли мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур платформа ва механизмлар яратиш;
3) Иқтисодий ҳамкорликнинг Марказий Осиё давлатлари ўртасида тўлақонли эркин савдо режими шакллантирилишини назарда тутувчи янги моделини ишлаб чиқиш;
4) жаҳон миқёсида умумий манфаатларни самарали ҳимоя қилиш;
5) минтақа давлатлари ва манфаатдор ташқи кучлар ўртасидаги конструктив ҳамкорликнинг муҳим шарти сифатида Марказий Осиё очиқлигини сақлаш.
СМТИ директорининг фикрича, минтақавий ўзига хослик ушбу моделни қўллаб-қувватловчи намунавий йўриқномага айланиши керак, минтақавий ҳамкорлик эса нафақат умумий манфаатга, балки ҳамма учун умумий қадрият ва анъаналарга асослансагина, кутилган самарани бериши мумкин.
Форумда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси раҳбари маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш зарурлигини алоҳида урғулаб, бу жараёнда Ўзбекистон Президентининг умумий тарихимизни биргаликда чуқур ўрганишни ташкил этиш, жараёнга ёшларни фаол жалб этган ҳолда, Марказий Осиё маданият, санъат ва кино фестивалларини ўтказиш ғояси муҳим роль ўйнашини таъкидлади.
“Бу минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини яратишда жуда муҳим. Шундагина биз ўтмишдаги тафовутларни унутиб, истиқболга умумий назар ташлаймиз, ёрқин келажакни биргаликда қурамиз”, - дея хулоса қилди эксперт.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА