Бишкек шаҳрида VI Марказий Осиё экспертлар форуми бўлиб ўтди.
Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий Стратегик тадқиқотлар институти томонидан БМТ Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази кўмагида ташкил этилган тадбирда Бош вазир Ақилбек Жапаров, БМТ маркази раҳбари Каха Имнадзе, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари стратегик институтлари раҳбарлари, Қирғизистонда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар, мустақил таҳлилий марказлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, ишонч даражасини ошириш ва барқарор ривожланиш йўлида” мавзусидаги маърузасида минтақавий экспертлар форуми шаклида мунтазам ўтказиб келинаётган бундай учрашувларнинг муҳим аҳамиятига урғу берди. Бу ўзаро ишонч ва ҳам
корлик юқори даражада эканлигидан далолат.
Э.Арипов 2017 йилгача минтақавий бирлашиш ҳақида гапиришнинг имкони, деярли, бўлмаганини таъкидлади. Сув ва чегара билан боғлиқ ҳал этилмаган муаммолар кўп эди. Қолаверса, Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ва Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти форматлари етарли ривожланмаганди.
“Ўшанда минтақадаги барча давлатлар ҳам МОҲТ ва МОИҲ моделларини шакллантиришда иштирок этмаган, кўп қарорлар декларатив хусусият касбэтган”, - деди эксперт.
2017 йил ноябрь ойи бу борада бурилиш даври бўлди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Марказий Осиё бўйича конференция ўтказилди. Тадбирда минтақанинг барча республикалари ташқи ишлар вазирлари иштирок этди. Ўзбекистон Президентинингн Давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувини йўлга қўйиш ташаббуси маъқуллади.
– БМТ Бош Ассамблеяси Марказий Осиё бўйича резолюция қабул қилгани муҳим натижа, – деди СМТИ директори. – Ўзига хос “Самарқанд консенсуси” шаклланди. Марказий Осиёнинг барча давлатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади. Бу интилишни мазкур резолюция ҳомийлари сифатида майдонга чиққан минтақа давлатларининг ташқи сиёсатдаги ҳамкорлари қўллаб-қувватлади. Кўп йиллар давомида биринчи марта Марказий Осиёдаги ҳар бир алоҳида давлат тақдири нафақат шу мамлакат томонидан белгиланиши, балки минтақада содир бўлаётган умумий жараёнга ҳам бевосита боғлиқ бўлишини янада аниқ англадик. Бу жуда муҳим ва биз тўғри йўлдамиз.
Э.Арипов фикрича, мавжуд суръатни сақлаб қолиш учун, ўзгарувчан шароитда минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантириш йўлида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар боғлиқликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёнинг дунёга очиқлигини сақлаб қолиш, муаммони имкониятга айлантиришда давом этиш зарур.
Шу муносабат билан СМТИ раҳбари Ўзбекистон Президенти Душанбе саммитида илгари сурган қуйидаги ташаббусларни амалга оширишга киришиш муҳим, деб ҳисоблайди:
- товар айирбошлаш миқдорини ошириш имконини берувчи мусодара ва чекловсиз тўлиқ эркин савдо зонасини шакллантириш;
- узоқ муддатли истиқбол учун Марказий Осиёда саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш. Бу айни соҳада биргаликдаги саъй-ҳаракатга тизимли хусусият бахш этади;
- савдо-иқтисодий кун тартиби бутун мажмуаси бўйича ҳамкорликни таъминлашнинг самарали механизмига айланадиган Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини тузиш.
Марказий Осиёда минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди. Эксперт таъкидлаганидек, ушбу жараён, аслида, минтақавий шерикликнинг асосий пойдеворига айланиши керак. Унинг фикрича, бундай ҳамкорлик нафақат умумий манфаатга, балки ҳамма томонидан қабул қилинадиган уйғун қадриятлар ва анъаналарга асосланса, самарали бўлиши мумкин.
– Акс ҳолда, бундай ҳамкорлик фақат тактик, ўзгарувчан хусусиятга эга бўлади, – дея хулоса қилди Элдор Арипов. – Доимий қадриятлардан фарқли ўлароқ, манфаатлар ўзгаришга, ривожланишга мойил бўлади.
Ғ.Хонназаров тайёрлади.
ЎзА