Элчимиз Миср Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мансурбек Қиличев Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисига ишонч ёрлиқларини топширди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматидан хабар беришларича, тантанали тадбир Қоҳирадаги “Ал-Иттиҳодия” президент саройида бўлиб ўтган.
Ишонч ёрлиқларини тантанали топшириш маросимида фахрий қоровул саф тортган. Мамлакатимиз элчиси шарафига давлатимиз мадҳияси янграган.
Қисқа суҳбат чоғида Миср раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевга ўзининг самимий саломи ва эзгу тилакларини йўллаб, Миср томони Ўзбекистон билан барча соҳаларда дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш истагини билдирган.
Ўзбекистон – Миср ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Миср Президентининг 2018 йил 4-5 сентябрь кунлари мамлакатимизга расмий ташрифи чоғида олий даражадаги музокараларда эришилган келишувларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилган.
ЎзА